Тергов судьяси институти: миллий тажриба ва илғор амалиётлар эҳтиёжи
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари алоҳида ўрин тутиши яна бир бор қайд этиб ўтилди. Яъни, айнан иқтисодий ўсиш - ҳуқуқий тизимнинг ишончлилигини талаб қилиши, инвестициялар - суд тизими мустақиллигига боғлиқлиги, халқаро рейтинглар - ҳуқуқ устуворлигига қараб баҳоланиши ва фуқароларнинг судга бўлган ишончи – суднинг холислиги ва ундаги адолатга боғлиқлиги таъкидланди.
Мурожаатномада суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг узвий давоми давоми сифатида тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари берилиши таклифи ҳам илгари сурилди.
Мамлакатимизда тергов судьяси институти жорий этилганига кўп бўлгани йўқ. Ўтган қисқа вақт давомида ушбу институт судгача жиноий иш юритув босқичида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи муҳим механизм сифатида шаклланди, дейиш мумкин. Тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларини бериш таклифи эса ушбу институт роли янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бугунги кунда тергов судьялари, амалдаги процессуал нормаларга мувофиқ, прокурор томонидан киритилган илтимосномани муҳокама этиб, дастлабки тергов учун муҳим бўлган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллаб келмоқда. Шу билан тергов судьясининг мазкур жиноят иши бўйича фаолияти ёки роли якунланади.
Етакчи хорижий давлатларнинг тажрибасига эътибор берилса, тергов судьяси нафақат прокурор илтимос қилганда процессуал мажбурлов ва айрим эҳтиёт чорасини қўллайди, балки жиноят ишини тергов қилиниши устидан назорат ҳам олиб боради.
Германия Жиноят-процессуал кодексининг 120-моддаси 3-қисмида “Судья ўз ташаббуси билан исталган вақтда қамоққа олишни қайта кўриб чиқиши ва уни бекор қилиши мумкин”лиги белгиланган. Франция Жиноят-процессуал кодексининг 144-1-моддасига кўра: “Тергов судьяси қамоққа олиш асослари йўқ бўлса ёки қамоқда сақлашнинг муддати якунланса шахсни дарҳол қамоқдан озод этиши” мумкин. 148-моддасида эса: “Қамоққа олинган шахс ёки ҳимоячи исталган вақтда озодликка чиқариш илтимоснома бериши мумкин ва бу фақат суд томонидан ҳал этилиши” баён этилган. Бундай ҳуқуқий тартибларни АҚШ ва Англия жиноят-процессуал қонунчилигида ҳам кўриш мумкин.
Шунингдек, хорижий давлатлар тажрибасидаги қамоққа олиш ёки уй қамоғида бўлишнинг аниқ санаси белгиланиши ҳам ижобий амалиёт ҳисобланади. Бунда эҳтиёт чораси қўлланилаётган шахснинг қандай жиноят содир этганликда айбланаётгани, қилмишнинг сабаби, хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарарнинг миқдорини ва айбланувчининг шахсини эътиборга олган ҳолда қамоқ муддатини бир ойдан уч ойгача белгилаши мумкин. Агар ушбу муддат узайтирилмаса, айбланувчи озод этилади.
Юқоридагилардан келиб чиқилса, давлатимиз раҳбари илгари сурган таклиф суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга, мавжуд ҳуқуқий тартиблар халқаро меъёрлар асосида кўриб чиқилишига ва, энг муҳими, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатларини янда кучайтиришга хизмат қилади.
Келгусида айнан тергов судьяси ўзи рухсат берган қамоққа олиш, уй қамоғи ёки гаров эҳтиёт чорасини ўзи ўзгартириши, лозим топса, бекор қилиши мумкин. Шунингдек, айбланувчига нисбатан қўлланилган паспорт ҳаракатини чеклаш, мамлакатдан чиқишни тақиқлаш, мол-мулкни хатлаш ва бошқа процессуал мажбурлов чораларини ҳам бекор қилиш ваколатига эга бўлади.
Бунинг учун тергов судьялари томонидан қўлланилган эҳтиёт чораси ёки процессуал мажбурлов чоралари қандай тартибда ўзгартирилиши ёки бекор қилинишининг самарали ҳуқуқий механизмини яратиш талаб этилади. Яъни, тергов судьяси томонидан ўз ажримини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун яна прокурор тақдимномаси талаб этиладими-йўқми, агар талаб этилса, бу судьянинг мустақиллиги ва холислигига таъсири эҳтимоли юзага келтирмайдими, деган саволларга ўрин қолмаслиги лозим. Яъниким, ўз табиатига кўра, суд мустақил, шаффоф ва, албатта, очиқ бўлиши лозим, демак, судга унинг ажримини ўзгартириш ёки бекор қилиш бўйича тарафлар мурожаат қилиши мумкин. Чунки, прокурордан ташқари гумонланувчи ёки айбланувчи, жабрланувчи ва уларнинг адвокатлари ҳам муайян иш бўйича судда тенг ҳуқуқларга эга ҳисобланишади.
Умуман, илгари сурилган таклиф тергов судьялар ваколати билан бирга уларнинг масъулиятини ҳам оширади. Шунингдек, жиноят ишини судга қадар бўлган босқичда самарали назорат қилиш имконини беради. Яна бир муҳим омил -тергов органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузилиши, айрим шахслар томонидан турли суиистеъмолчиликларнинг ҳам олдини олади.
Юртимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини суд орқали муносиб ҳимоя қилиш, коррупцияга қарши қатъий курашиш - булар Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этади. Ва, Президент айтганидек, бу йўлда қатъий қадамлар давом этмоқда.
Зафаржон Омонов,
Одил судлов академияси ўқитувчиси,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD)
