Эътироф ҳамиша ёқимли
2025 йил якунига кўра, фаолиятида алоҳида ўрнак ва намуна кўрсатган 14 нафар судья “Ибратли судья” мукофотига муносиб топилди.
Эътироф ҳамиша ёқимли. Фаолиятинг катта-ю кичик доираларда ибрат ва намунага лойиқ топилиши меҳнат ортидаги заҳматларга малҳам бўлимоғи тайин. Зотан, судьяликнинг масъулияти шарафидан кам эмас.
Шубҳасиз, адолат - юксак маънавий қадрият. Шундан келиб чиқилса, зиммасидаги вазифани холис ва ҳалол адо этиб келаётган судьяларни рағбатлаштириш ҳам адолатдан ҳисобланади. Айни мезоннинг ҳуқуқий тартиблари давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб берилдики, бу ҳам судьялар ҳамжамиятига бўлган алоҳида эътибор натижасидир. Яъниким, ушбу фармон билан судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантириш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти жорий этилди.
Шунингдек, фармон ижроси доирасида судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури ишга туширилди. Ушбу электрон тизим орқали судьялар фаолиятини очиқ, шаффоф ва энг муҳими - холис баҳолаш имкониятини яратилди.
Эътиборлиси, электрон дастур судьялар фаолиятини холис баҳолаш билан бирга энг юқори кўрсатгичларга эга судьяларни рағбатлантиришда ҳам айни мезон устуворлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Натижада 2022 йилдан бошлаб, юқори рейтинг кўрсатгичларига эга судьяларни “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлаш яхши анъанага айланди.
Бу йил ҳам анъана давом этиб, 2025 йил якунига кўра, Судьялар олий кенгаши қарори билан 14 судья шундай эътирофга лойиқ деб топилди.
Бугун мукофотлар ўз эгаларига, шунингдек, яна 10 нафар фаол судьяларнинг ота-оналарига Судьялар олий кенгашининг ташаккурномаси топширилди.









