РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
2026 йил 6 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 13-ялпи мажлисида Конституциявий суд судьяси М.Э.Абдусаломовнинг ўн йиллик муддатга сайланганлиги” баъзи бир ижтимоий тармоқларда жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлиб, гўёки қонунчиликка зид дея нотўғри талқин қилинмоқда.
Уларнинг фикрича, қонунчиликда “Конституциявий суд судьясининг энг юқори ёш цензи 70 ёш деб белгиланган”.
Аввало, ижтимоий тармоқ вакилларининг энг муҳим давлат органи шаклланиши жараёнини ниҳоятда жиддий эътибор билан кузатиб бораётганлигидан мамнунлигимизни билдирамиз.
Шунинг баробарида жамоатчиликка тарқатилаётган ахборотнинг (айниқса, қонунчиликни талқин қилиш билан боғлиқ!) ишончлилиги ва тўғрилиги учун жавобгарлик ҳиссини унутмаслигимиз шарт!
Тўғри “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонунининг 7-моддасида “Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади” деб белгиланган.
Гап шундаки, қонунчилик техникасида “қоида тариқасида” деган ниҳоятда муҳим тушунча мавжуд бўлиб, бу белгиланаётган қоиданинг умумий тартибини белгилайди, бироқ бу дегани мазкур норма қатъий ёш цензини белгиламайди.
Қонунчиликда назарда тутилган мана шу қоида асосида М.Э.Абдусаломов Конституциявий суд судьяси бўлиб сайланди.
М.Э.Абдусаломовнинг мамлакатимиз ҳуқуқий тизими ривожланишида жуда катта ҳиссаси бор. У кишининг ҳаёти ва фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, 40 йилдан ортиқроқ давр мобайнида мамлакатимизнинг адлия, суд ва бошқа марказий органлари самарали раҳбарлик қилганлигининг гувоҳи бўламиз.
Хусусан, М.Э.Абдусаломов раҳбарлиги даврида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Осиё Конституциявий судлари ва турдош институтлари Ассоциациясига раислик 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтди.
Шу билан бирга М.Э.Абдусаломов раҳбарлигида Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган давлат раҳбарининг биринчи марта тарихий фармони қабул қилинди.
Қолаверса, халқаро тажрибада ҳам олий суд, конститутцион судья ва раисларининг ёши 70-90 ёшда эканлигини кўришимиз мумкин.
Матбуот котибияти