РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
Куни кеча “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “MANIFEST” гуруҳида “Бир бино-икки суд ва икки манзара!” номли мақола эълон қилинди.
Аввало, ҳақиқатдан ҳам долзарб ва ниҳоятда муҳим мавзу таҳлилига бағишланган мақола муаллифига билдирилган фикр-мулоҳазалар ва амалий таклифлари учун миннатдорлик билдирамиз!
Сўнгги йилларда суд тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этган ҳолда таъкидлаш жоизки, судьяларнинг иш юкламасини камайтириш мақсадида мамлакатимиз тарихида илк бор йилма-йил 100 нафардан жами 400 нафар судьялик штатлари қўшимча берилди.
Дастурга асосан келгусида яна 50 нафар қўшимча судьялик штати берилиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, низосиз талабларни судсиз ҳал қилиш масаласида, хусусан коммунал тўловларни ундириш ва банк ҳисобварағини вақтинча тўхтатиш каби ишларни кўриш суд ваколатидан чиқариш орқали ҳам судлардаги иш юкламаси тобора камайишига эришилмоқда.
Лекин, мақолада келтириб ўтилган фактларни ҳам инкор этиб бўлмайди...
Айни пайтда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида Ҳайъат раиси ва 15 нафар судья фаолият юритиб келмоқда.
Ишлар апелляция, кассация ва тафтиш инстанциясида 3 нафар судьядан иборат таркибда кўрилади.
Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида бугунги кунда 5 таркибда иш кўриш учун судьялар етарли.
2026 йил 15 апрель ҳолатига кўра Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 4 нафар судьялик лавозими вакант бўлиб, бу бўш судьялик ўринларига Судьялар олий кенгаши томонидан танлов эълон қилинган ва яқин вақтда тўлдириш чоралари кўрилмоқда.
Ушбу мақолада муаллиф кўтарилган муаммонинг ечими сифатида давлат бюджетига ортиқча юк тушмаслиги учун “Маъмурий судлардаги штатлар ҳисобига бу муаммони ҳал қилиш мумкин”лиги, шунингдек “Ҳар бир ҳудуддан биттадан олинса, маъмурий судларга унчалик юк тушмайди” деб таклиф билдирган.
Муаллиф таклифи бир қарашда ўринлидек кўринсада, лекин маъмурий судлар судьялари таркиби таҳлил этилса:
вилоятларда: 6-8 нафар;
Тошкент вилоятида: 9 нафар;
Тошкент шаҳрида: 12 нафар судьядан иборат.
Мазкур судьялар томонидан ҳам ишлар апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида ҳам кўриб чиқилишини эътиборга олиш лозим.
2026 йил биринчи чораги давомида Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 78 609 та иш (2025 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсатгич 109 873 тани ташкил этган. Ўтган йилга нисбатан қарийб 30 000 га камайган. Бу судларда кўрилаётган иш ҳажми камайишга қараб кетаётганлигини кўрсатади.) ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами ишларнинг 17,2 фоизини ташкил этган.
Дарҳақиқат, Тошкент шаҳар суди фуқаролик судлов ҳайъатида иш ҳажми бир мунча кўп бўлиб, жорий йилнинг биринчи чорагида битта судьянинг ойлик иш юкламаси 20 дан ортиқни ташкил этган.
Юқорида қайд этилганидек, вакант 4 та штат бирлиги тўлдирилиши ҳам иш юкламаси камайишига олиб келади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мавжуд имкониятдан келиб чиққан ҳолда имкон қадар барча судларда ишларни ўз вақтида ва адолатли кўриб чиқилишини таъминлаш юзасидан барча чора-тадбирлар кўрилади.
Мақола муаллифига фаол фуқаролик позициясини билдирганлиги учун яна бир бор миннатдорлик билдирамиз.
Судьялар олий кенгаши Матбуот хизмати