“СУД ЖУРНАЛИСТИКАСИ” КУРСИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ АМАЛИЁТДА
Бугун “Суд журналистикаси” ўқув курси тингловчилари Тошкент шаҳар маъмурий судида амалий машғулотда бўлишди. Ушбу амалиёт бўлажак суд журналистлари учун нафақат назарий билимларни мустаҳкамлаш, балки суд процессларига иштирок этиш, уни амалда кузатиш ва тушуниш имконини берди.
Кўплаб тингловчилар учун бу амалиёт уларнинг ҳаётларида суд журналисти сифатида бевосита суд мажлисида иштирок этган илк амалий натижа бўлди.
Суд процесси давомида улар суд залида ўзини тутиш тартиб-қоидалари, журналистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда суд жараёнини ёритишнинг ўзига хос хусусиятларини, асосий тамойилларини амалда ўз кўзлари билан кўрдилар.
Хусусан, суд мажлиси бошланишида раислик қилувчи судья томонлардан “суд журналистикаси” курси тингловчиларининг суд процессида кузатувчи сифатида қатнашаётганлигини ҳамда улар учун фото ва видеотасвирга олиш зарурияти борлигини билдириб, томонларнинг фикрини сўради. Томонлар фото ва видеотасвирга туширишга қаршилик қилишмади.
Тингловчилар судьянинг процессни олиб бориш тартиби, томонларнинг важлари, далилларини тақдим этиш жараёнларини диққат билан кузатиб боришди.
Мазкур амалиёт бўлажак суд журналистларининг дастлабки касбий кўникмалари шаклланишига, уларнинг ҳуқуқий маданияти юксалишига ва келажакда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни жамоатчиликка тўғри етказиб беришларида муҳим пойдевор вазифасини ўтайди.
“Суд журналистикаси” ўқув курси давом этади. Олдинда тингловчиларни янада қизиқарли амалий машғулотлар кутмоқда.
