ҲАЛОЛЛИК ИНСОННИ ЮКСАЛТИРАДИ суд фахрийси билан учрашув тафсилотлари

21 Апрель 2026 19:38 57 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши томонидан узоқ йиллар суд тизимида самарали фаолият олиб борган фахрийларнинг ўзи ўқиган мактабда уларнинг ҳаёти ва фаолиятини акс эттирувчи маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда учрашувлар ташкил этилмоқда.

Бугун Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 103-сонли умумтаълим мактабида шундай навбатдаги маърифий тадбир бўлиб ўтди. Бу галги учрашув доирасида “Дўстлик” ордени соҳиби, суд фахрийси Зоир Алиев билан самимий мулоқот ўтказилди.

103-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари меҳмонлар ташрифига пухта тайёргарлик кўрган экан. Айниқса, ҳарбийлаштирилган саҳна чиқишлари томошабинларда илиқ таассурот қолдириб, ёшларда ватанпарварлик руҳини янада мустаҳкамлади.

— Судьялар олий кенгаши томонидан муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Бу нафақат судьялар фаолиятини, балки инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади. Президентимиз таъкидлаганидек, мактаб — билим билан бирга тарбия ва маънавият маскани, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист Алишер Мардиев. — Зоир Алиев билан кўп йиллар давомида елкадош, ҳамкасб бўлиб ишлаганмиз. У ҳар қандай масалага қонун ва виждон нуқтаи назаридан ёндашади, адолатни таъминлашда инсонийликни устувор қўяди. Бугун ўқувчилар кўзидаги интилиш ва билимга чанқоқликни кўриб, бундай учрашувларнинг нақадар муҳим эканига яна бир бор амин бўлдим. Бу каби мулоқотлар келажакдаги адолат посбонларини тарбиялашда мустаҳкам пойдевор бўлади.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзалари мактаб синфхонасида кечди. Зоир Алиев қарийб 60 йилдан сўнг ўзи таҳсил олган партага қайта ўтирди. У сафдошлари Фармон Тошев ва суд фахрийси Алишер Мардиев билан ўтган йилларни ёдга олиб, ўқучиларга қарата шундай деди:

— Меҳнат фаолиятимни тракторчиликдан бошлаганман. Кейин армия, сўнг қурилиш соҳасида ишладим. Аммо қўлимдан китоб тушмаган. Ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилдим ва мақсадимга эришдим. Бугунги ёшларга айтадиганим: қайси соҳада бўлманг фақат билим ва ҳалоллик инсонни юксалтиради.

Тадбир давомида Самарқанд вилоят суди ва тегишли ташкилотлар томонидан аълочи ўқувчиларга ташаккурнома, бадиий китоблар ва спорт анжомлари топширилди. Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан 10 нафар ўқитувчи ва ўқувчига дам олишлари учун бепул йўлланмалар тақдим этилди.

— Бугунги учрашув менда катта таассурот қолдирди, — дейди мактаб ўқувчиси Зарина Ҳамидова. — Зоир Алиевнинг оддий тракторчиликдан вилоят суди раиси даражасигача қандай меҳнат ва билим билан етганини эшитиб, ўз олдимга аниқ мақсад қўйдим. Мен ҳуқуқшуносликка қизиқаман ва келажакда шу соҳада чуқур билимга эга мутахассис бўлишни истайман. Юртимизда қонун устуворлигини таъминлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Биз каби ёшлар учун бундай инсонлар ҳақиқий ибратдир.

— Зоир Алиев бизнинг мактабда таҳсил олганидан фахрланамиз, — дейди мактаб ўқувчиси Шуҳрат Пардаев. — Унинг таржимаи ҳоли билан танишгандим. Турли вилоят судларида узоқ йиллар нафақат судья, балки суд раиси сифатида ҳам фаолият юритган эканлар. У киши ўз ҳаёт йўли билан, инсон қандай шароитда бўлмасин, илм уни юксалтиришини ва ютуқларга олиб келишини исботлаган. Ўйлайманки, бугунги тадбирдан сўнг улар кимни ўзига намуна қилиш кераклигини англаб етди.

Тадбир якунида анъанага мувофиқ “Яшил макон” лойиҳаси доирасида мактаб ҳовлисига кўчатлар экилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech