АДОЛАТ ВА МАТОНАТ МАКТАБИ Суд фахрийси ўзи ўқиган мактабда
Жамият тараққиёти, унинг маънавий қиёфаси ва келажак авлод камолоти, аввало, эл-юрт манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган инсонларга бўлган муносабат билан ўлчанади. Зеро, умрини халқ хизматига бағишлаган, адолат ва инсоф тамойилларига содиқ қолган инсонларни эътироф этиш – бу нафақат ҳурмат, балки жамиятнинг ўз қадриятларига бўлган садоқатини намоён этади.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан жойларда узоқ йиллар тизимда ҳалол-пок ишлаб, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган суд фахрийларининг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга кўрсатиш, уларни эзгу мақсадларга ундаш нуқтаи назаридан маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда.
Куни кеча Қўнғирот туманидаги 43-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган навбатдаги ана шундай учрашув мазкур таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд тизими фахрийси Арзибийке Жанибекованинг шарафли ҳаёт йўлига бағишланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси суди раҳбарлари, туман ва шаҳар судлари судьялари, нуронийлар, суд фахрийлари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этдилар.
Учрашувда сўз олганлар Арзибийке Жанибекованинг кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти, суд тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси ва бой ҳаётий тажрибаси ҳақида тўхталиб ўтдилар.
У кишининг фаолияти бугунги судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшлар учун ҳақиқий намуна эканлиги, бугунги ёш авлодга гўёки эртакдай туюладиган ўта оғир шароитга қарамай тинимсиз Арзибийке опа ўқиб, излангани натижасида элнинг азиз инсонига айлангани қайд этилди.
Тадбир доирасида мактаб жамоасига Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари, шунингдек, китоблар жамланмаси топширилди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши томонидан таълим муассасасига Арзибийке Жанибекованинг шарафли ҳаёт йўли, самарали меҳнат фаолиятини акс эттирувчи махсус пешлавҳа тақдим этилди.
Мазкур пешлавҳа судьялар ҳамжамиятининг ушбу таълим даргоҳига бўлган юксак эҳтироми ва келажак авлодга билдирилган ишонч рамзи сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Самимий мулоқотлар давомида устознинг болалик ва мактаб даврлари ёдга олинди. Тадбир мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури билан янада файзли тус олди.




