ЗАМОНАВИЙ ДУНЁДА РАҚАМЛИ ОДИЛ СУДЛОВ халқаро ўқув курси тафсилотлари
Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида “Рақамли одил судлов: халқаро стандартлар, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида 3 кунлик халқаро ўқув курси бошланди.
Халқаро тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, қуйидаги фикрларини билдирди:
– Бугунги халқаро ўқув курси Одил судлов академияси фаолияти тарихида илк бор ташкил этилди. Унда дунёнинг бир қатор мамлакатлари, хусусан Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаларининг судьялари иштирок этмоқда. Ўқув курси машғулотларига Испаниядан 2 нафар нуфузли халқаро эксперт жалб этилган. Ўқув курси мавзуси, яъни рақамли одил судлов, ахборот хавфсизлиги билан боғлиқ масала айни пайтдаги шиддатли трансформациялашув ва интеграциялашув жараёнида ниҳоятда долзарб аҳамият касб этади.
Халқаро ўқув курсидан кўзланган мақсад – мамлакатимиз қонунчилигидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро стандартлар, уларни суд амалиётида қўллашнинг ўзига хос хусусиятларини иштирокчиларга етказишдан иборат. Шунингдек, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари борасидаги миллий ва халқаро тажрибани таҳлил қилиш бўлиб ҳисобланади.
Ушбу халқаро ўқув курси суд тизимида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиш имкониятини кенгайтиради. Ва мамлакатимиз судьялари ва хорижий ҳамкасблар ўртасида рақамли одил судлов бўйича фикр-мулоҳазалар алмашишга қулай шароит яратади. Энг муҳими, уларнинг бу соҳадаги билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Ўтказилаётган бугунги халқаро тадбир нафақат мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими, балки хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ҳам муҳим қадам ҳисобланади.
Зеро, бугунги замонавий дунёда суд тизимини рақамлаштириш, ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.





