ХАЛҚАРО ЎҚУВ КУРСИ ЯКУНЛАНДИ: халқаро экспертлар таассуротлари

24 Апрель 2026 20:35 21 Чоп этиш

Бугун Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлардан 14 нафар судьялар, шунингдек Испаниядан таклиф этилган 2 та халқаро эксперт иштирок этган “Рақамли одил судлов: халқаро стандартлар, ахборот хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқлари” мавзусидаги 3 кунлик халқаро ўқув курси якунланди.

Халқаро ўқув курси якунида иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилди. Қуйида хорижий мамлакатлардан иштирок этган судьялар ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз:

“Ушбу халқаро ўқув курси биз учун жуда катта тажриба алмашинуви бўлиб хизмат қилди. Ўқув курси самарали ташкил этилганлигининг асосий жиҳати бу бугунги кун учун энг долзарб мавзуларнинг танланганлигидир.

Хусусан: “Рақамли даврда одил судлов: кибержиноятларга оид ишлар бўйича суд амалиёти” мавзуси доирасида замонавий жиноятларни тушуниш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри баҳолашга оид аниқ билим ва кўникмаларимизни оширдик. Айниқса, кибержиноятларнинг турлари, уларнинг содир этилиш усуллари ва ҳуқуқий квалификацияси бўйича фикр-мулоҳазалар алмашдик. Интернет орқали фирибгарлик, маълумотларни ноқонуний олиш, шахсий маълумотларни тарқатиш каби ҳолатларнинг қандай аниқланиши ва қонунчиликда қандай баҳоланиши бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан яқиндан танишдик. Ўзбекистонлик малакали мутахассислар мавзу бўйича чуқур таҳлилий маълумотларни тақдим этди” — Эда Бичгин, Туркия Адлия академиясининг Ташқи алоқалар ва ахборот бўлими судья-маърузачиси.

 

“Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси томонидан юксак даражада ташкил этилган ўқув курсининг умумий мавзуси бўлган – одил судловни рақамлаштириш масаласи шунчаки технологик янгиланиш эмас, балки очиқлик ва тезкорликни таъминлайдиган муҳим ислоҳотдир. Алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу борада катта тажрибага ва амалий натижага эришибди. Албатта, одил судловнинг оқилона рақамлаштирилиши фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлайди, чунки ҳар бир иштирокчи ўз ишининг қайси босқичда эканини онлайн кузатиш имконига эга бўлади.

Менда Ўзбекистонлик мутахассис томонидан “Суд экспертизаси асослари ва рақамли далиллар таҳлили. Даркнет (Darknet) тизимини ўрганиш” мавзусида қилинган маъруза жуда катта таассурот қолди.

Аҳамиятлиси, маърузачи шунчаки, назарий маълумотлар билан чекланмасдан, бу ўзига хос мураккабликларга эга бўлган соҳани янада  такомиллаштириш билан боғлиқ фикрларни ўртага ташлади” — Аскерова Матанат Паша Қизи - Озарбайжон Республикаси Адлия академиясининг Жиноят процесси, криминалистика ва суд экспертизаси кафедраси мудираси.

 

“Халқаро анжуманда болалар ва аёлларга нисбатан зўравонлик масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди. Бу бугунги кунда бутун дунёда нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам ўта долзарб масала бўлиб ҳисобланади. Чунки, зўравонлик ҳолатлари жамиятнинг энг ҳимояга муҳтож қатлами – болалар ва аёллар ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда бу муҳим масала давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги, жуда таҳсинга сазовор. Шу билан биргаликда ушбу йўналишда халқаро стандартлар ва илғор тажрибаларни ўрганиш ҳам муҳим, деб биламан.

Бундай анжуманлар мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, амалиётни қиёсий ўрганиш ва самарали ечимларни аниқлаш имконини беради. Натижада, суд тизимида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизми янада мустаҳкамланади.

Болалар ва аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш, шунингдек, вояга етмаганлар иштирокидаги ишлар бўйича адолатли судловни таъминлаш ҳар доим, ҳамма жамиятда устувор вазифа бўлиб қолади” — Лоренцо Матео Бухоса Вадель - Испаниянинг Саламанка университети профессори.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech