МАЪНАВИЙ КЎПРИККА ҚИЁС МУЛОҚОТ суд фахрийлари билан учрашувлар давом этмоқда

27 Апрель 2026 19:48 73 Чоп этиш

Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан суд тизими фахрийларининг ўзлари таҳсил олган мактабларда ўтказаётган маънавий-маърифий учрашувларининг навбатдагиси 2026 йил 25 апрель куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги 41-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Бу галги маърифий тадбир баланд тоғлар қуршовида қўним топган гўзал бир манзил – “Кўрпасой” қишлоғидаги мўъжазгина мактаб ҳовлисида фахрий меҳмон, ушбу мактабнинг собиқ ўқувчиси, юридик фанлар номзоди, “Суд фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Нурмат Рустамович Ахманов ва бошқа иштирокчиларни тантанали кутиб олиш билан бошланди.

Дастлаб меҳмонлар 41-мактабнинг ахборот-ресурс марказида ўқувчилар ҳамда ўқитувчилар билан суҳбатлашишди.

Мактаб масъулларининг айтишларича, ҳар 10 нафар юқори синф мактаб ўқувчиларининг 7 таси инглиз тилидан олий ўқув юртларига кириш учун махсус имтиёз (IELTS) сертификатига эга экан.

Самимий суҳбат-учрашув мактабнинг ҳовлисига кўчди. Судьялар олий кенгаши аъзолари ва масъул ходимлари, вилоят суди раҳбарияти, суд фахрийлари сўзга чиқиб, Нурмат Рустамовичнинг ибратли ҳаёт йўли ва самарали фаолияти ҳақида фикрларини билдиришди.

Суҳбат куй-қўшиққа уланди. 41-мактабнинг истедодли ўқувчилари ўзлари ёзган шеърларини ўқишди, қўшиқлар куйлашди, рақсга тушишди. Жиззах вилоят филармонияси санъаткорларининг куй-қўшиқлари учрашувга ўзгача файз бағишлади.

 Тадбирда сўзга чиққан мактаб ўқувчилари ҳамда “Кўрпасой” қишлоғи оқсоқоллари фахрий меҳмоннинг шу мактабда таҳсил олганидан, шу қишлоқда туғилиб вояга етганидан ҳамиша фахрланишларини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Бегмамат Турсунов, 41-мактаб директори:

— Таниқли ҳуқуқшунос Нурмат Ахмановнинг мактабимизда таҳсил олганидан фахрланамиз. У кишининг ибратли ҳаёти бугунги ўқувчиларимиз учун ҳам намуна-ўрнак вазифасини ўтайди. Меҳнат фаолиятига назар ташласангиз, оддий бир завод ишчиси сифатида бошлаб, кейинчалик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва маҳаллий ҳокимият органларида жуда юксак лавозимларда самарали фаолият кўрсатганликларининг гувоҳи бўласиз. Хусусан, 1986–1998 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида бош консультант, 1998–2013 йилларда эса Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари каби ўта масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.

Содиқ Ғойибназаров, маҳалла раиси:

— Бугунги учрашув қишлоғимиз ҳаётида унутилмас кунлардан бири бўлди, деб айтсак муболаға бўлмайди. Қишлоқ аҳли, ўзининг бундай фахрли фарзандлари билан ҳамиша фахрланади. Нурмат Рустамович оддий ўрта-ҳол оилада туғилиб вояга етган бўлсада, ўзининг ҳалол меҳнати, тинимсиз изланишлари билан юксак эътибор қозонган инсон ҳисобланади. Биз ишонамизки, У киши билан бугун ўтказилган мулоқот мактаб ўқувчиларида жуда катта таассурот қолдирди.

Тадбир давомида аъло баҳоларга ўқиётган ва фаол ўқувчиларга Жиззах вилоят суди томонидан ташаккурномалар ва китоблар топширилди. Бундан ташқари, фахрий меҳмонлар ҳам иқтидорли ёшларга ўзларининг эсдалик совғаларини улашишди.

Учрашув доирасида мактабда фахрий меҳмоннинг бой ҳаёт йўли ва ибратли меҳнат фаолияти акс эттирилган махсус пешлавҳа ўрнатилди. Бу эзгу ташаббус ёш авлодга ўз устозларининг машаққатли ва шарафли йўлини доимо ёдда тутишга хизмат қилади.

Тадбир якунида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эзгу анъанага кўра, мактаб ҳовлисига манзарали кўчатлар экилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech