ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Жорий йилнинг 24 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эсин Ажар Эргин билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Судьялар олий кенгаши ва ТИКА ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Кенгаш фаолиятини рақамлаштириш, судьялар ва суд тизими ходимларининг касбий салоҳиятини янада оширишга қаратилган ўқув-тренинглар ташкил этиш, шунингдек, грант лойиҳаларини жалб қилган ҳолда янги ҳамкорлик йўналишларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги — ТИКА Туркия Республикасининг расмий ривожланиш ҳамкорлиги агентлиги ҳисобланади. 1992 йилда ташкил этилган агентлик бугунги кунда кўплаб давлатларда ўз ваколатхоналари орқали иқтисодий, маданий, таълим, соғлиқни сақлаш ва техник ҳамкорлик соҳаларида турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Мулоқотда судьялар корпусини шакллантириш жараёнида замонавий рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, судьялар малакасини ошириш бўйича қўшма дастурлар ишлаб чиқиш, шунингдек, Туркий давлатлар ва Ўзбекистон судьялари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган ташаббусларни босқичма-босқич амалга ошириш, ҳамкорлик йўналишлари бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро алоқаларни тизимли равишда давом эттириш юзасидан келишиб олдилар.



