Суд тизимида контент тайёрлашнинг замонавий тенденциялари
Махсус ўқув курси якунланди
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида суд органлари ахборот хизматлари ходимлари ва судьялар учун ташкил этилган “Медиа-коммуникация ва инқирозли вазиятларда ишлаш” мавзусидаги махсус ўқув курси ўз якунига етди.
Мазкур ўқув курси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази, Судьялар олий кенгаши ҳамда Олий суд билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Икки кун давом этган машғулотлар жараёнида иштирокчилар суд тизимида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқот ўрнатиш ва ахборотни тезкор ҳамда холис етказишга доир замонавий ёндашувлар билан танишдилар. Айниқса, медиа муҳитда ишлаш, рақамли платформалар учун контент тайёрлаш, PR ва репутацияни бошқариш, шунингдек, жонли эфир, ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда фаол иштирок этиш кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўқув жараёни амалий машғулотлар, кейс-таҳлиллар ва интерактив муҳокамалар асосида ташкил этилди. Унда иштирокчилар турли вазиятларда тўғри коммуникация юритиш, танқидий материалларга муносабат билдириш ва ахборот сиёсатини самарали ташкил этиш бўйича тажриба орттирдилар. Шунингдек, суд фаолиятини ёритишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Ўқув курси якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.









