СУД ФАХРИЙЛАРИ НУКУСДА ЖАМЛАНДИ
Хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан Нукус шаҳрида “Авлодлар учрашуви” маърифий тадбири ўтказилмоқда.
Тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳақида тўхталиб, қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Президентимизнинг “Қорақалпоғистонда ҳамма соҳада ўзгариш бўлаяпти. Бунинг замирида шу заминда яшаётган буюк халқнинг меҳнати, интилишлари мужассам” – деган фикрлари бугун ҳаётий ҳақиқатга айланганлигини кўриб турибмиз.
Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида узоқ йиллар ҳалол ишлаб, жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътибор қозонган суд фахрийлари билан ёшлар ўртасида учрашув, маънавий-маърифий суҳбатлар ўтказиш анъанага айланди. Бундай тадбирлар орқали, бугунги ёшларни ҳалолликка чақириш, эртага элу-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонадиган яхши бир инсон бўлишга даъват этиш мақсад қилинган.
Айни пайтда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жамоатчилик ўртасида алоҳида обрў қозонган суд фахрийлари ўзлари ўқиган мактабларга бориб, ёшлар билан бевосита учрашувлар ўтказмоқда. Аълочи ўқувчиларга китоблар совға қилишмоқда. Бундай учрашувлар кекса авлод билан ёшлар ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини ҳам бажаради.
Ҳаммамиз яхши биламизки, бепоён саҳроларидек бағрикенг бу элнинг тарихида ҳам, бугунги кунида ҳам жуда кўплаб ардоқли фарзандлари бор. Қорақалпоқ халқининг жуда кўплаб билимли, салоҳиятли судьялари бугунги кунда одил судловни таъминлашда ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Тадбир доирасида суд тизими ривожига, қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга салмоқли ҳисса қўшган фахрий судьялар, шунингдек, бугунги кунда самарали фаолият юритаётган ходимларни тантанали тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Бу бир томондан, уларнинг фаолиятларига муносиб баҳо беришга хизмат қилса, иккинчи томондан, соҳа вакиллари учун масъулият ва садоқат намунасини янада мустаҳкамлайди.
Зоир Алиев, суд фахрийси:
— Бугун Қорақалпоғистонга келиб, бу ердаги улкан бунёдкорлик ва ободликни кўриб, руҳим кўтарилди. Мен илгари ҳам бу заминда кўп бор бўлганман, лекин бугунги Қорақалпоғистон — мутлақо ўзгача, янги қиёфа касб этган. Нукус шаҳрининг ўзидан бошлаб, барча гўшалар гулларга буркангани, амалга оширилган кенг кўламли ободончилик ишлари кишини қувонтиради.
Бугунги учрашувда ўзининг миллий қадриятлари ва урф-одатларига содиқ ҳолда фаолият юритаётган қорақалпоғистонлик ёш судьялар билан дийдорлашдик. Уларга ўз иш тажрибамиздан мисоллар келтириб, касбий ўгитларимизни бердик. Мулоқот ниҳоятда қизғин ва самимий руҳда ўтди.
Тадбирга байрамона руҳ бағишлаш мақсадида адабиёт ва санъат вакиллари иштирокида маданий дастур ташкил этилди. Куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишлар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди.
Гулистон ЭШНАЗАРОВА — Қорақалпоғистон Республикаси судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси:
— “Оқ қуш” мажмуасида ўтказилган бугунги учрашув Қорақалпоғистон суд тизими ҳаётида ниҳоятда унутилмас воқеа бўлди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган машҳур судьялар — узоқ йиллар ҳалол ва пок ишлаб, ўзига хос ибрат мактабини яратган устозлар бугунги авлод вакиллари билан дийдорлашдилар.
Суҳбат давомида устозларимиз ўз фаолиятлари мисолида судьялик касбининг нақадар масъулиятли, оғир ва шу билан бирга шарафли эканини тўлқинланиб сўзлаб бердилар. Очиғи, бу учрашувдан олам-олам таассурот ва касбимга нисбатан катта иштиёқ олдим.








