ХАЛҚАРО ФОРУМ БОШЛАНДИ
Бугун Тошкент шаҳридаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонаси анжуманлар залида “Туркий давлатларда суд-ҳуқуқ таълими ва одил судлов: рақамли трансформация ҳамда илғор тажрибалар сари интеграция” мавзусидаги халқаро форум ўз ишини бошлади.
Форумда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатларининг суд-ҳуқуқ таълими муассасалари, бош прокуратуралари ҳузуридаги академиялар, шунингдек халқаро ташкилотлар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Халқаро форумда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров ўзининг кириш сўзида, қуйидаги фикр-мулоҳазаларини билдирди:
"Судьяликдек ниҳоятда масъулиятли ва шу билан бирга шарафли касб эгаларини тайёрлаш, амалдаги судьяларнинг малакасини ошириш алоҳида талаблар асосида ёндашиладиган ўта мураккаб вазифа ҳисобланади.
Шубҳасиз, одил судлов самарадорлигини таъминлаш биринчи навбатда судьяликка номзодларни қай даражада пишиқ-пухта, билимли, салоҳиятли қилиб тайёрлашга чамбарчас боғлиқдир. Албатта, бу борада ҳар бир давлатнинг ўзига хос тажрибаси, ўзига хос ёндашувлари бор.
Фурсатдан фойдаланиб таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон тараққиётининг сифат жиҳатидан янги бир босқичи бошлангач, мамлакатимизда бўлажак судьяларни тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашда ҳам жуда катта амалий ишлар қилинди.
Бугунги ўтказилаётган халқаро форум дастурига киритилган маъруза мавзулари айни пайтдаги шиддатли трансформациялашув ва интеграциялашув жараёнида ниҳоятда долзарб эканлигини ҳам таъкидламоқчиман.
Хусусан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш кадрларини тайёрлашда сунъий интеллектни замонавий педагогик восита сифатида қўллаш, судьяларни тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнида сунъий интеллектни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари, таълим жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланиш амалиёти каби мавзулар бугуннинг энг муҳим, кечиктириб бўлмайдиган масалалари ҳисобланади.
Ўйлайманки, ўта муҳим мавзулар муҳокамасига бағишланган бугунги халқаро форум юқорида санаб ўтилган масалаларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилишга, фикрлашишга имконият ва қулай майдон бўлиб ҳисобланади."
Халқаро форум икки кун давом этади. Тафсилотлари билан кейинги материалларимизда таништириб борамиз.





