АВЛОДЛАР УЧРАШУВИ — МАЪНАВИЯТ, ИБРАТ ВА АДОЛАТ САБОҒИ
Жамият тараққиёти, мамлакат келажаги ва ёш авлод тарбияси, аввало, эл-юрт хизмати йўлида ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган инсонларга бўлган муносабат билан белгиланади. Айниқса, умрини адолат, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини таъминлашдек масъулиятли соҳага бағишлаган инсонларни қадрлаш, уларнинг ҳаёт йўли ва бой тажрибасини ёшларга етказиш юксак маънавий аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан жойларда суд фахрийлари иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар бугунги кунда муҳим тарбиявий аҳамиятга эга бўлган эзгу анъанага айланиб бормоқда. Бундай учрашувлар нафақат ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маънавий дунёқарашини бойитишга, балки улар қалбида Ватанга муҳаббат, касбга ҳурмат, адолат ва ҳалоллик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Навбатдаги ана шундай маърифий тадбир Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтди. Мазкур учрашув ушбу таълим муассасасининг фахрли собиқ битирувчиларидан бири, суд тизими фахрийси Раҳмонберди Норқўзиевнинг ибратли ҳаёт йўли ва кўп йиллик самарали меҳнат фаолиятига бағишланди.
Тадбирда суд фахрийсининг яқинлари, шогирдлари, синфдошлари, устозлари, суд тизими вакиллари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, мактаб педагоглари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этдилар. Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган мазкур учрашув ҳақиқий авлодлар мулоқотига айланди.
Тадбир давомида сўз олганлар Раҳмонберди Норқўзиевнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, адолат тамойилларига садоқати, инсонпарварлиги ва касбига бўлган юксак масъулияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Қайд этилганидек, Раҳмонберди Норқўзиев 1988 йилда олий таълим муассасасини тамомлаб, меҳнат фаолиятини Ховос туман судида суд мажлиси котиби вазифасида бошлаган. Кейинчалик суд тизимида турли масъул лавозимларда самарали меҳнат қилиб, ўзининг билим ва тажрибаси, ҳалоллиги, фидойилиги ҳамда инсонларга бўлган самимий муносабати билан жамоатчилик орасида муносиб ҳурмат қозонган.
Тадбир иштирокчилари томонидан унинг босиб ўтган ҳаёт йўли бугунги ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мактабда ташкил этилган “Бизнинг фахримиз” бурчагидан Раҳмонберди Норқўзиевнинг муносиб ўрин эгаллагани таълим муассасаси ўқувчилари учун юксак ғурур ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Самимий мулоқотлар давомида суд фахрийси ўзининг болалик ва мактаб йиллари ҳақида илиқ хотиралари билан ўртоқлашди. Айниқса, оддий қишлоқ мактабидан катта ҳаёт сари қилинган илк қадамлар, билим олиш йўлидаги интилишлар ва ҳаётда учраган қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтиш ҳақидаги фикрлар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
— Ҳар қандай муваффақият ортида меҳнат, сабр ва интилиш туради. Инсон доимо ўз устида ишласа, билим олишдан тўхтамаса, албатта, мақсадига етади. Мен учун энг буюк мактаб — шу таълим даргоҳи бўлган. Бу ерда олган билим ва тарбиям ҳаётимда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилди, — деди Раҳмонберди Норқўзиев ёшлар билан суҳбат чоғида.
Тадбир давомида ўқувчилар суд фахрийси билан очиқ мулоқот қилиб, унинг ҳаёт тажрибаси, меҳнат фаолияти ва муваффақият сири ҳақидаги фикрларини қизиқиш билан тингладилар.
Боёвут туманидаги 40-умумий ўрта таълим мактаби маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Додоев Толисжон Толибовичнинг таъкидлашича, бундай учрашувлар ёшларнинг маънавий камолоти ва ҳаётий қарашларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
— Суд фахрийларининг босиб ўтган ҳаёт йўли, уларнинг касбига садоқати, адолат ва инсоф йўлидаги меҳнати ўқувчилар учун катта тарбия мактабидир. Бу каби учрашувлар ёшларда ўз келажагига ишонч уйғотади, уларни эзгу мақсадлар сари руҳлантиради, — деди у.
11-синф ўқувчиси Маматқулова Суманбар Сирожиддин қизи мазкур учрашув унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
— Раҳмонберди Норқўзиевнинг ҳаёт йўли ва эришган ютуқлари биз, ёшларга катта мотивация берди. Инсон ўз олдига мақсад қўйиб, меҳнат қилса ва билим олишдан тўхтамаса, албатта, юксак натижаларга эриша олишини яна бир бор англадик. Бундай учрашувлар биз учун жуда муҳим ҳаётий сабоқ бўлмоқда, — деди у.
Яна бир ўқувчи — Худойқулов Нодирбек Улуғбек ўғли ҳам тадбирдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
— Учрашув давомида суд фахрийсининг самимий фикрлари, ҳаётий тажрибалари ва маслаҳатларини катта қизиқиш билан тингладик. Айниқса, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва инсон ўз касбини севиши кераклиги ҳақидаги фикрлари менда катта таассурот қолдирди. Бу учрашув келажакда ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимиз кераклигини англатди, — деди у.
Тадбир якунида суд фахрийси томонидан мактабнинг фаол ва аълочи ўқувчиларига туркум китоблар эсдалик сифатида тақдим этилди. Шунингдек, вилоят суди ташаббуси билан таълим муассасаси кутубхонасига бадиий адабиётлар жамланмаси ҳамда спорт жиҳозлари совға қилинди.
Мазкур тадбир авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида адолат, ватанпарварлик ва эзгулик туйғуларини қарор топтириш, шунингдек, уларни юксак мақсадлар сари руҳлантиришга хизмат қилди. Бундай маърифий учрашувлар ёшларнинг келажакда муносиб инсон бўлиб камол топишида муҳим аҳамият касб этиши билан алоҳида эътиборга лойиқдир.









