РАСМИЙ МУНОСАБАТ
“...ҲУҚУҚ ФАНИДАН ДАРС” ЭМАС,
ҚОНУНИЙ ВА АСОСЛАНТИРИЛГАН ЖАВОБ!
Инкор қилмаймиз, “Telegram” ижтимоий тармоғидаги “ХАЛҚ НАЗОРАТИ” блогида жойлаштирилиб борилаётган материалларда муаллифнинг фаол фуқаролик позицияси (ҳар бир масалага куюнчаклик билан ёндашиши) билиниб туради.
Лекин, 2016 йил 12 май куни мазкур блогда “озодликка чиқарилиши керак бўлган судланувчини фалончи судья ҳеч бир қонуний асос ва эҳтиёжсиз қамоқда ушлаб” турганлиги юзасидан “Судьялар олий кенгашига шикоят қилсанг, “Судьялар мустақил, биз уларнинг қарор қабул қилиши масаласига асло аралаша олмаймиз”-деб сенга конституциявий ҳуқуқ фанидан дарс ўтишади” таҳририда бирёқлама, нохолис, кинояли тарзда материал жойлаштирилди. Ушбу тарқатилган ахборотга жавоб сифатида қуйидагиларни келтириб ўтамиз:
биринчидан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунда Кенгашнинг вазифа ва ваколатлари аниқ белгиланган бўлиб, унга кўра Кенгаш бирон бир судьянинг муайян суд иши юзасидан чиқарилган суд ҳужжатининг қонунийлигига баҳо бермайди;
иккинчидан, Ўзбекистон Конституциясида судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бирон бир тарзда аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги тўғрисидаги конституциявий қоида белгиланган.
Бу конституциявий ҳуқуқ фанидан сабоқ эмас, Асосий қонун – Конституциянинг талаби!
Танқид асосли бўлиши керак, акс ҳолда...
“Telegram” ижтимоий тармоғидаги ушбу блогга жорий йилнинг 5 май куни жойлаштирилган материалда Тошкент шаҳар судини фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати коридорларида одам йиғилиб қолаётганлигига асосий сабаб сифатида судлов ҳайъатидаги вакансия (бўш судьялик ўринлари) кўплиги кўрсатилиб, бунда Судьялар олий кенгаши раиси айбдор деб топилади.
Аслида ушбу пост эълон қилинган куни Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатидаги жами 19 та судьялик лавозимидан 2 та судьялик ўрни бўш (вакант) бўлган. Бу ҳам табиий ҳолат, қайсидир судьянинг ваколат муддати тугаган ёки бошқа сабаб билан бўш (вакант) судьялик ўрни вужудга келган.
Ушбу бўш (вакант) судьялик лавозимларига ҳам 2026 йил 12 май куни Судьялар олий кенгашининг Расмий телеграм каналида ва интернет сайтида эълон берилди.
Тўғри, судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш Судьялар олий кенгашининг асосий вазифасига киради.
Бу йўналишда Кенгаш қонунчиликда белгиланган тартиб бўйича ўз вақтида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Ўрни келганда, бўш судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва уларни тайинлаш шунчаки тезлик ва шошма-шошарлик билан амалга оширилаётган жараён эмаслигини, ҳар бир номзоднинг билими, лаёқати, хулқи, одоби ва бошқа судьялик касби учун зарур кўникмаларга эга эканлиги чуқур текширилган ҳолда танланиши ва лавозимга тайинланиши ўта мураккаб эканлигини ҳам таъкидлаш жоиз.
Жамоатчиликка тарқатилаётган ахборот ва маълумотларнинг тўғрилиги, холислиги ва ҳаққонийлиги учун жавобгарлик борлигини ҳам унутмаслик лозим.
Судьялар олий кенгаши матбуот котиби
