КЕНГАШНИНГ ЙИРИК ИЖТИМОИЙ-МАЪРИФИЙ ЛОЙИҲАСИ ДАВОМ ЭТАДИ

15 Май 2026 12:51 130 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг йирик ижтимоий-маърифий лойиҳаларидан бири – узоқ йиллар суд тизимида ҳалол-пок ишлаб, жамоатчилик орасида обрў-эътибор қозонган суд фахрийларининг ибратли ҳаёти тўғрисида китоблар нашр этиб бориш ҳисобланади. 

Куни кеча Шаҳрисабз шаҳрида мамлакатимиз суд тизимида кўп йиллар самарали фаолият юритиб, ҳалоллик ва адолат тамойилларига содиқлиги билан ҳурмат қозонган суд фахрийси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Дилбар Муродова ўзи таҳсил олган Шаҳрисабз шаҳридаги 3-сонли ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, ўқувчи ёшлар билан учрашди.

Ўқувчилик йилларини илиқ хотиралар билан ёдга олиб, айнан шу даргоҳда олган таълим ва тарбияси унинг ҳаёт йўлида мустаҳкам пойдевор бўлганини алоҳида таъкидлади. Устозлар эсга олинди ва меҳмонлар иштирокида мактаб ҳовлисига дарахт кўчатлари экилди.

Тадбирнинг навбатдаги қисми Шаҳрисабз давлат педагогика институтида давом этди. Унда судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари масъуллари, суд фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва талаба ёшлар иштирок этишди.

Тақдимот маросимида Судьялар олий кенгаши матбуот котиби Арслон Эшмуродов, Қашқадарё вилоят суди раиси Анвар Элмуродов ва бошқа сўз олганлар китоб қаҳрамонининг кўп йиллик фаолияти, адолатни қарор топтириш йўлидаги хизматлари, шогирдлар тарбиясига қўшган катта ҳиссаси ҳақида самимий фикрларини изҳор қилишди.

Таъкидланганидек, “Адолатнинг бир дилбари” китобида Дилбар Муродованинг ибратли ҳаёт йўли, самарали ва машаққатли меҳнат фаолияти, касбий ва инсоний фазилатлари кенг ёритилган. Китоб саҳифаларида унинг адолатга садоқати, инсонлар тақдирига бефарқ эмаслиги, судьялик касбига юксак масъулият билан ёндашиб келганлиги ҳақида таъсирли фикрлар ўрин олган.

Тақдимот давомида йиғилганлар бундай китобларнинг нашр этиб борилиши, инсон қадр-қимматини ардоқлаш, шунингдек бугунги кунда фаолият юритаётган мутахассис кадрларни ҳам ҳалолликка, покликка чақиришда амалий аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech