АНЪАНАВИЙ ТУС ОЛГАН АВЛОДЛАР МУЛОҚОТИ
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида жойларда узоқ йиллар суд тизимида ҳалол-пок ишлаб, жамоатчилик ўртасида алоҳида обрў-эътибор қозонган суд фахрийларининг ибратли ҳаёт йўлини ёш авлодга кўрсатиш, уларни эзгу мақсадларга ундаш нуқтаи назаридан маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 14-15 май кунлари Бухоро вилоятида ҳам мана шундай тадбир ташкил этилди.
Куни кеча Бухоро шаҳридаги 9-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда мазкур таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд тизими фахрийси Рахима Саидованинг шарафли ҳаёт йўли ҳақида батафсил сўз юритилди.
У кишининг фаолияти бугунги судьялар учун ибрат мактаби, умр йўли эса ёшлар учун ҳақиқий намуна эканлиги, бугунги ёш авлодга гўёки эртакдай туюладиган ўта оғир шароитга қарамай тинимсиз Рахима опа ўқиб, излангани натижасида халқнинг ҳурматли инсонига айлангани қайд этилди.
Бугун Ромитан туманидаги Ибн Сино маҳалласида жойлашган 1- умумтаълим мактабида суд тизимида узоқ йиллар давомида самарали фаолият юритган фахрий Мухитдин Бобоев ўзи таҳсил олган даргоҳда ўқувчилар билан самимий мулоқот қилди.
Учрашувда Судьялар олий кенгаши раиси ўринбосари Нодира Бобохонова, Бухоро вилояти суди раиси Учқун Рўзиев ҳамда бошқа масъуллар иштирок этиб, устознинг сермазмун, ибратли ва шарафли ҳаёт йўли, касбий фаолияти ҳамда инсон сифатидаги юксак фазилатлари ҳақида атрофлича фикр билдирдилар.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган ҳар иккала учрашувда ҳам мактаб ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар. Шунингдек, мактаб боғида эзгу ниятлар билан манзарали ва мевали кўчатлар экилди.
Бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёшларнинг ҳуқуқий онги ва дунёқарашини юксалтириш, уларни Ватанга садоқат, адолат ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.









