АВЛОДЛАР МУЛОҚОТИ: ЁШЛАРНИ ЭЗГУЛИККА ДАЬВАТ ЭТАДИ

25 Май 2026 10:12 122 Чоп этиш

Жорий йилнинг 23 май куни Сирдарё вилояти, Ховос туманидаги 1-умумтаълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан навбатдаги маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.

“Авлодлар учрашуви” деб номланган мазкур тадбир ушбу таълим муассасасининг 1969 йилдаги фахрли битирувчиси, таниқли давлат ва жамоат арбоби, ҳуқуқшунос олим, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирзо-Улуғбек Элчиевич Абдусаломовнинг ибратли ҳаёт йўли ва кўп йиллик самарали фаолиятига бағишланди.

Маърифий тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Судьялар олий кенгаши ходимлари, Сирдарё вилоят ва Ховос туман судлари раислари, Ховос тумани ҳокимияти раҳбарияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, суд тизими фахрийлари, мактаб жамоаси, шунингдек, Мирзо-Улуғбек Элчиевич билан бир даврда, бир партада бирга таҳсил олган қадрдон синфдош дўстлари иштирок этдилар.

Тадбир давомида сўзга чиққан нотиқлар М.Абдусаломовнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги кўп йиллик машаққатли меҳнати бугунги ёшлар учун чинакам ибрат мактаби эканини алоҳида таъкидладилар.

У кишининг шарафли ҳаёт йўли ва фидокорона хизматлари ёш авлод учун катта сабоқ вазифасини бажариб, уларни ҳам келажакда юксак инсоний фазилатларга эга яхши инсон, малакали мутахассислар бўлиб етишишларига ундайди.

Учрашувда мактабнинг фаол, билимли ва зукко ўқувчилари томонидан Ватан, адолат ва устозларни улуғловчи чиройли шеърлар маҳорат билан ўқиб эшиттирилди. Бу эса тадбирга янада кўтаринки ва байрамона руҳ бағишлади.

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган учрашувда бир қатор мактаб ўқувчилари ҳам сўзга чиқиб, мактабдош Устозига муносиб авлод бўлиб етишишларига аҳд қилишганини таъкиблаб ўтишди.  

Мазкур маърифий тадбир юксак давлат ва жамоат арбоби даражасигача кўтарилишнинг сири – тинимсиз меҳнат ва интилиш, билим олишда эканини ёшлар қалбига сингдиришда ҳамда ўқувчиларни ҳам янги марралар сари руҳлантиришда муҳим амалий аҳамият касб этади.

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech