РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
“ЁЗИШДАН ОЛДИН ЎЙЛАНГ!”
“Telegram” ижтимоий тармоғидаги “ХАЛҚ НАЗОРАТИ” блогида 2026 йил 24 май куни даҳо ижодкор, машҳур инглиз шоири ва драматурги Уильям Шекспирнинг 11 та доҳиёна ҳикматлари келтириб ўтилган.
Улардан бири ушбу Расмий муносабатимизга сарлавҳа сифатида танланди: “Ёзишдан олдин ўйланг!”
Орадан атиги бир кун ўтиб, 25 май куни “халқ назорат”чилари даҳо шоирнинг ҳикматига қулоқ солмасдан, Судьялар олий кенгаши раисига тоғам деб мурожаат қилиб, “шу судьяларни сиз тайинлагансиз-а?” қабилида савол қўймоқда!
Саволнинг бундай қўйилиши нотўғри: судьяни фақатгина Кенгаш раисининг бир ўзи тайинламайди. Судьялар олий кенгаши коллегиал орган бўлиб, унинг доимий асосда фаолият юритадиган 13 та, жамоатчилик асосида 7 та аъзоси бор. Судьялик лавозимларига тайинлаш Кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан ҳал этилади.
Ушбу постдаги иддаога кўра, судья хато қилганлиги учун у айбдор эмас, уни лавозимга тайинлаган Кенгаш айбдор. (Гўёки жиноятчи эмас, унинг қилмиши учун отаси айбдор, агар у шу жиноят содир этган шахснинг дунёга келишига сабабчи бўлмаганида эди, ушбу жиноят содир этилмаган бўлар эди, деганга ўхшаш мантиқан нотўғри тушунча.)
Кимки, суд кароридан норози бўлса, марҳамат юқори суд инстанциясига мурожаат қилиши мумкин.
Ишдаги норози тараф аризасигина ишни кўриб чиқиш учун асос бўлади. Процессуал кодексда “ижтимоий тармоқ орқали берилган мақола ишни кўриш учун асос бўлиши” белгиланмаган.
Агарда суд қайсидир иш бўйича амалдаги процессуал тартибга риоя этмасдан шикоятни иш юритувига қабул қилган бўлса, бунга ҳам фақат ва фақат юқори турувчи суд баҳо беради. Суд томонидан қонун нотўғри қўлланилгани аниқланса, юқори суд инстанцияси муносабат билдиради...
Ҳурматли, "ХАЛҚ НАЗОРАТИ" блоги вакили, ёзишдан олдин ўйланг!