УСТОЗГА ЭҲТИРОМ
Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Судьялар олий кенгаши ҳамкорлигида таниқли ҳуқуқшунос, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” Бахтиёр Шамсутдинович Мирбобоевнинг 80 йиллик юбилейи Тошкент давлат юридик университетида тантанали нишонланди.
Дастлаб, Давлатимиз раҳбарининг Бахтиёр Мирбобоевни Ватанимизнинг юксак давлат мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирлаш тўғрисидаги Фармони ўқиб эшиттирилди.
Президентимиз томонидан кўрсатилган ушбу ғамхўрлик ва эътибор Янги Ўзбекистон шароитида инсонни қадрлаш ва эъзозлаш борасидаги амалий ишларнинг ҳаётий ифодасидир.
Суд тизимида ва бошқа давлат органларида кўп йиллар ҳалол хизмат қилган суд фахрийсига бўлган бундай юксак эътибор судьялар ҳамжамиятининг жуда катта қувончига сабаб бўлди.
Тантанали тадбирда табрик учун сўзга чиққан нотиқлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров, Конституциявий суди раиси М-У.Абдусаломов, Судьялар ассоциацияси раиси У.Мингбоев, Адлия вазири А.Тошкуловлар томонидан Бахтиёр Мирбобоевнинг босиб ўтган ибратли ҳаёт йўли бугунги судьялар ва ёш авлод учун том маънодаги ибрат мактаби вазифасини ўташи, У кишининг ҳалоллиги, қатъияти ёш ҳуқуқшуносларга намуна эканлиги эътироф этилди.
Бахтиёр Шамсутдинович Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институтида оддий илмий ходимликдан бошлаб, кейинчалик Тошкент юридик университетида катта ўқитувчи, декан, проректор, Адлия вазири ўринбосари, Президент давлат маслаҳатчиси, Конституциявий суд раисининг ўринбосари, Конституциявий суднинг раиси каби юксак лавозимларда самарали фаолият кўрсатган.
Инсон умрининг моҳияти унинг эл-юртга қилган хизмати билан ўлчанади. Фидоий ва куюнчак инсон, салоҳиятли ҳуқуқшунос Бахтиёр Мирбобоев халқимизнинг, давлатимизнинг содиқ фарзандларидан бири сифатида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳиссасини қўшган.
Тадбирда йиғилганлар устознинг нафақат профессионал ҳуқуқшунослик фаолиятини, балки ҳар бир инсон ўрнак олгулик камтарлиги ва олийжаноб инсонийлик фазилатларини алоҳида эътироф этдилар.
Бахтиёр Мирбобоев кўп йиллик фаолияти давомида шогирдларига нафақат ҳуқуқ сирларини ўргатган, балки ҳалоллик ва касбга садоқат бўйича шахсий намуна кўрсатган чинакам мураббийдир.
Ушбу файзли тадбир эл-юрт учун қилинган ҳалол меҳнат доимо эъзозда эканлигини яна бир бор кўрсатди. Муҳтарам Устозимизни қутлуғ 80 йиллик юбилейлари ҳамда юксак унвон “Дўстлик” ордени билан чин қалбдан муборакбод этамиз!