ҚАТЪИЙ ИЧКИ ТАРТИБ, МУРОСАСИЗЛИК ВА ЯНГИ ҲУҚУҚИЙ МЕХАНИЗМЛАР ИФОДАСИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судларда комплаенс назорат тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ҳаётида жуда катта акс-садо берди. Сабаби, ушбу Фармон бутун суд тизимида коррупцияга қарши курашишга бўлган муносабатни мутлақо ўзгартириб, қуруқ баландпарвоз гаплардан аниқ амалий натижаларга ўтилишининг ҳуқуқий механизмларини, тизимни тубдан соғломлаштиришга қаратилган янги концептуал ғоя ва йўналишларни белгилаб берди.
Мазкур Фармон суд тизимида коррупция ҳамда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишга қаратилганлиги баробарида ўзининг моҳият эътиборига кўра ниҳоятда кенг қамровли мақсад ва вазифаларни қамраб олади.
Хусусан, тизимда биринчи навбатда қатъий ички тартиб ва интизомни таъминлаш, ҳар қандай қонунбузарликларнинг олдини олиш, пировард натижада самарали одил судлов орқали энг муҳим демократик меъзон – ҳуқуқ устуворлигига эришиш сингари стратегик мақсадни кўзлайди.
Фармоннинг амалий аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади:
биринчидан, сўнгги йилларда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар шароитида суд тизимининг ички тозаланиши ва янгиланиши учун ҳалол-пок, салоҳиятли судья кадрлар корпусини шакллантириш борасидаги энг муҳим вазифаларини белгилаб берди;
иккинчидан, суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг эскирган анъанавий усул ва воситаларидан (коррупциявий жиноят содир этилгандан кейин уни жазолаш) эмас, балки янгича ёндашувлар асосида таъсирчан, самарали профилактик ҳуқуқий механизмлари кўрсатиб ўтилди;
учинчидан, миллий қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш амалиётида илк бор судьялар қаторида судлар аппаратлари ходимлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг касб масъулиятини янада чуқур ҳис этишлари мақсадида мансаб даражасига эга бўлган суд аппарати ходимлари учун ихтисослашган хизмат кийимини жорий қилиш;
тўртинчидан, ҳали судьялик лавозимига тайинланмасдан туриб, муносиб номзодларни касбий тайёрлаш жараёнида, уларнинг шахсий-профессионал ва коррупцияга қарши барқарорлик даражасини ҳар томонлама чуқур текшириш, таҳлил қилиш (диагностикадан ўтказиш амалиётини жорий этиш) белгиланди;
бешинчидан, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни барвақт бартараф этиш мақсадида судьялар ва судлар аппаратлари ходимларининг фаолиятини тизимли равишда ҳалоллик стандарти асосида одилона ва ҳаққоний баҳолаб бориш назарда тутилди;
олтинчидан, суд органлари фаолияти устидан натижа берадиган жамоатчилик назоратини кучайтириш, бунда бутун тизимни, ҳар бир жараённи трансформациялаш, рақамлаштириш орқали инсон омилининг камайтирилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Агар тизимда ҳалоллик ва адолат тамойили йўқолса, коррупцияга қарши курашиш бўйича кўриладиган бошқа ҳар қандай чора ўз-ўзидан самарасиз бўлади ва жамият учун улкан хавфга айланади.
Масаланинг долзарблиги шундаки, суд тизимидаги коррупция фақатгина иқтисодий жиноят эмас, балки бутун бир халқнинг қонунга, давлатга ва келажакка бўлган ишончига путур етказадиган оғир иллатдир. Суд тизими тўғри ва ҳалол ишлаган тақдирдагина, бутун жамиятда мувозанат ва қонун устуворлиги таъминланади.
Агар ислоҳотлар занжирига эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги ўзгаришларнинг туб замирида қатъий мантиқийлик ва тизимли изчиллик ётганини кўрамиз. Куни кеча имзоланган Фармон Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил декабрь ойида коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилиши, бу борада лозим бўлган барча ишлар амалга оширилиши ҳақидаги нутқида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларнинг узвий давомидир.
Ҳар қандай тизимни соғломлаштириш ва ундаги муаммоларни бартараф этишнинг биринчи ва муҳим шарти бу борадаги мавжуд камчиликларни хаспўшламасдан, аччиқ ҳақиқатни тан олиб, унга нисбатан муросасиз курашиш чора-тадбирларини белгилаш бўлиб ҳисобланади.
Минг афсуски, бугунги кунда суд тизимида коррупциявий ҳолатлар учраб тургани, айрим судьялар ўзларининг муқаддас қасамёдларига хиёнат қилаётгани бор гап. Бу каби салбий ҳолатларга шунчаки оддий камчилик сифатида қараб, кўз юмиб кетиш – кечириб бўлмайдиган хато бўлади.
Чунки, бошқа идоралардаги коррупция алоҳида бир соҳага зарар етказса, суд органларидаги коррупциявий ҳолатлар бутун жамиятнинг адолатга бўлган ишончини сўндиради. Шу сабабли ҳам, аввало судларда коррупциявий хавф-хатарларни эрта аниқлаш ва баҳолашнинг профессионал тизимини жорий этиш вазифаси қўйилмоқда.
Хусусан, Фармон билан суд тизимида коррупциянинг олдини олиш борасида Судьялар олий кенгашининг олдига ҳам бир қатор муҳим вазифалар қўйилди. Судьялар корпусига нисбатан – Кенгашнинг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси судлар ўртасидаги коррупциявий ҳолатларни олдиндан аниқлаш, манфаатлар тўқнашувини келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этишга масъул тузилма сифатида белгиланди.
Айни пайтда Кенгаш аъзолари ва инспекция ходимлари томонидан ушбу вазифани ҳар томонлама самарали бажариш учун мутлақо янгича ёндашувлар асосида комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси 2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик ва чидамлилик, иммунитет шаклланган даражасини тўлиқ диагностикадан ўтказиш вазифаси белгиланди. Бундай ўрганиш ва чуқур таҳлилдан ўтказишга зарурият ҳам бор эди. Гап шундаки, ушбу диагностик таҳлил ва прогнозлар орқали тизимдаги қайси бўғинлар коррупциявий хавф-хатарларга кўпроқ мойил экани, қайси ҳудуд ёки суд инстанцияларида заиф нуқталар мавжудлиги аниқ илмий методлар ва методология асосида ўрганиб чиқилади. Бу эса судьяларнинг амалиётдаги фаолиятида хавфли коррупциявий иллатнинг келтириб чиқарадиган ўта салбий оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг келиб чиқиш сабаб ва омилларини олдиндан бартараф этиш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, Одил судлов академиясида судьялик лавозимларига номзодларни судьялик касбига ҳар томонлама муносиб тайёрлаш, бунда бўлажак судьяларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш назарда тутилмоқда. Бу келажакда уларни ҳалол-пок фаолият юритиши учун коррупцияга тортадиган ҳар қандай ташқи таъсирларга бардошли қилиб тайёрлаш жараёнига замонавий ёндашувлар, илғор демократик принциплар асосида тубдан ўзгартиришни талаб этади.
Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш жараёнида қўшимча равишда номзоднинг касбий психологик портретини яратишда коррупцияга қарши барқарорлик даражасини диагностикадан ўтказиш амалиёти жорий этилиши – судьяликка номзод бўлган ҳар бир мутахассис нафақат қонунларни мукаммал билиши, балки унинг руҳий-маънавий дунёси, ноқонуний моддий манфаатдорликка тобе бўлмаслиги, нафсининг олдида ўзини тута билиши, ҳалоллик мезонларига содиқлиги бўйича ҳам жиддий синовдан ўтади.
Агар, кўрсатилган номзоднинг шахсий-профессионал қиёфасида лоақал кичик бир маънавий заифлик ёки коррупцияга мойиллик аниқланса, у судьялик касбига муносиб, деб топилмайди.
Бундан буён тизимда коррупцияга қарши курашиш масаласи муайян органнинг фақат ички тартиб-қоидалари билангина чекланмайди, балки илмий-методологик ва профессионал мезонлар асосида доимий назорат қилиб борилади.
Фармон ўзининг ҳуқуқий моҳиятига кўра, коррупциядан ҳоли бўлган суд тизими фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган стратегик ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида судьяларни, тайёрлаш ва уларни лавозимларга тайинлаш жараёнида шаффоф кадрлар сиёсатини юритиш, оқилона ва самарали платформаларини амалиётга жорий қилишнинг фундаментал асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фармоннинг ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга жиҳатларидан яна бири – судья одил судловни амалга ошираётганда ҳар қандай ташқи таъсирлар, босим ва аралашишларнинг олдини олиш орқали судьяларнинг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилганидадир.
Фармонда белгиланган вазифалар ижроси билан бугун тизим олдига қўйилган қатъий талаблар ва янги маънавий-тарбиявий мезонлар суд корпусини шакллантириш сиёсатини тубдан ўзгартиради.
Суд тизимида стратегик аҳамиятга эга бўлган ушбу ҳуқуқий ҳужжатдан келиб чиқиб, Судьялар олий кенгаши фаолиятига оид янги ўзгаришларда фақатгина маъмурий назорат органи сифатида эмас, балки судьялар ва тизим ходимларининг маънавий-маърифий ва тарбиявий савиясини узлуксиз ошириб бориш масаласи бош мезон қилиб белгиламоқда.
Ҳаммамиз ҳис қилиб турибмизки, коррупцияга қарши қуруқ ва баландпарвоз шиорлар билан курашиш даври орқада қолди. Бугунги янги жамият, шиддатли ислоҳотлар шароитида тизимдаги муаммоларни бартараф этиш учун фақатгина маънавий чақириқлар эмас, балки аниқ илмий-амалий ва ташкилий механизмлар ишга солинишини талаб қилмоқда.
Ўрни келганда, мамлакатимиз тараққиётининг сифат жиҳатидан мутлақо янги бир босқичида суд тизимига жамоатчилик ишончи ортишини янада мустаҳкамлаш ва унинг нуфузи ва обрўсини ошириш, суд органларини Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларнинг кўмакчисига айлантиришга қаратилган том маънодаги залворли ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, кейинги 3-4 йил ичида тизимда 400 та янги судьялик штат бирликлари вужудга келди. Суд тизими тарихида биринчи марта Тергов судьяси институти жорий этилди.
Судьяларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган 20 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ва бундай амалий ишларни узоқ санаб ўтиш мумкин...
Шу нуқтаи назардан қараганда, соҳа мутасаддилари олдига ўта муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган стратегик вазифалар қўйилдики, у навбатдаги топшириқ эмас, балки суд тизимини поклаш ва унинг коррупцияга қарши ички иммунитетини кучайтиришга қаратилган туб бурилиш нуқтасидир.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу Фармон судьялар ва суд тизими ходимларининг ҳуқуқий тафаккурида коррупцияга нисбатан муросасизлик шунчаки бир ахлоқий талаб эмас, балки умуммиллий барқарорлик ва тараққиёт, тинчлик ва хотиржамлик, миллатнинг, халқнинг, Ватаннинг фаровонлиги асоси эканлиги тўғрисидаги ниҳоятда муҳим тушунчаларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шубҳасиз, Фармонда белгиланган кенг кўламдаги эзгу мақсад ва вазифалар – Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга мустаҳкам пойдевор бўлади.
Х.Ёдгоров, Судьялар олий кенгаши раиси