Пресс-тур доирасидаги мулоқот: шаффофлик бош мезон
Бугун Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишлаб, журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-турда Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров иштирокчиларни қутлаб, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида амалга оширилаётган суд ислоҳотлари, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида фикрларини билдирди.
Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган 50 ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари Судьялар олий кенгашида бўлиб, судьялик лавозимларига энг муносиб номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёнига ахборот ва коммуникация технологияларини жорий этиш, судьяларнинг фаолиятини рейтинг асосида баҳолаб бориш борасидаги рақамлаштириш билан яқиндан танишишди.
Cудьялар олий кенгашининг судьяси, Ташкилий-назорат ва ахборот-таҳлил шўъбаси раҳбари Хуршид Содиқов пресс-тур иштирокчиларига Кенгаш фаолиятининг очиқлигини, айниқса судьяларни лавозимга тайинлаш жараёнидаги шаффофликни таъминлашга қаратилган амалий ишлар бўйича батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг иштирокчилар Одил судлов академияси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, уларга суд имитацияси хонаси, судьяликка номзодларни психологик тайёрлаш жараёнлари ҳамда Ахборот-ресурс марказининг имкониятлари намойиш этилди.
Тадбир якунида Судьялар олий кенгаши томонидан эълон қилинган ижодий танлов ғолиблари, фаол журналист ва блогерлар тақдирланди. Шунингдек, ОАВ билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Ижодий танлов ғолиблари қуйидаги номинациялар бўйича аниқланди:
«Энг яхши репортаж» — Мўътабар Нурмуҳаммедова, «Севимли» телеканали «Замон» дастури мухбири;
«Энг яхши телекўрсатув» — Гулайым Ганиева, Қорақалпоғистон Республикаси судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти;
«Энг яхши радиоэшиттириш» — Холбиби Сафарова, «Навоий» радиоканали муҳаррири;
«Энг яхши интернет нашри материали» — Муҳаммадқодир Собиров;
«Энг яхши блогер материали» — Нурилло Тўхтасинов, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси ва мустақил журналист;
«Энг яхши мақола материали» — Авазбек Худойқулов, «Янги Ўзбекистон» газетаси бўлим мудири.
Айниқса, ижодий танловга иштирок этган ва «энг ёш иштирокчи» номинацияси бўйича ғолиб деб топилган Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги 9-синф ўқувчиси Зулайҳо Хурсанмуродова иштирокчиларнинг диққатини тортди.
Эндигина 15 ёшга тўлган Зулайҳо ўзи мустақил равишда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида радиолавҳа тайёрлаб, танловга тақдим этган.
Ушбу танловда иштирок этиш мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида радиолавҳа тайёрлаш жараёнида кўплаб янги билимларга эга бўлдим. «Энг ёш иштирокчи» номинацияси ғолиби деб топилганим мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Менга билдирилган ишонч учун ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман. Бу эътироф келгусида янада фаол ва ижодкор бўлишим учун катта рағбат бўлди, — дейди у.









