РАСМИЙ МУНОСАБАТ

26 Июнь 2026 21:38 1445 Чоп этиш

Бугун Telegram ижтимоий тармоғидаги “Generalissimus” блогида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари номига аёл судьялардан бири мурожаат йўллаганлиги, унда Судьялар олий кенгаши қарорига асосан аёл судьянинг доимий яшаш жойидан узоқ ҳудудда фаолият юритаётганлиги, бу эса унинг оилавий шароити ва хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганлиги ҳақида аноним фикр билдирилган.

Ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки миллий қонунчилигимизга кўра, фуқарони унинг хоҳиш-истагига қарши ёки шахсий розилигисиз судьялик лавозимига тайинлашнинг ҳуқуқий жиҳатдан имкон мавжуд эмас.

“Судлар тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар талабларига мувофиқ судьялик лавозимларига тайинлаш ва бошқа судга ўтказиш вакант судьялик лавозимлари учун эълон қилинган танлов натижаларига ҳамда номзоднинг шахсан берган аризаси асосида амалга оширилади.

Яъни, судьялик лавозимига тайинлаш ёки бошқа судга ўтказиш судья (номзод)нинг ўз хоҳиш-иродасини ифода этувчи аризаси мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади. Вакант лавозимлар очиқ эълон қилинади ва номзодлар муайян вакант (бўш) лавозимни эгаллаш учун ўтказиладиган танловда фақатгина ўзининг ёзма аризасига асосан иштирок этади.

            Номзодлар республиканинг у ёки бу ҳудудларида бўш иш ўринлари борлиги ҳақида олдиндан хабардор қилинади ва ушбу суднинг яшаш жойидан қанчалик узоқлигини англаган ҳолда, муайян жой учун ҳужжат топшириш қарорини мустақил қабул қиладилар.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, доимий яшаш жойидан ташқари ҳудудда фаолият юритаётган ва турар жойга эга бўлмаган судьяларга турар жойни ижарага олиш билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда давлат томонидан қоплаб берилади.

Иқтисодий ва маъмурий туманлараро судлари вилоят марказида жойлашган. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари 2-4 туман аҳолисига хизмат қилади. Шунга кўра, жиноят ишлари бўйича судлардан ташқари суд судьяларини бевосита ўзи яшаб турган ҳудудга (туман, шаҳарга) тайинлаш имконияти кўп ҳолатларда мавжуд эмас.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, судьялар ўз ташаббуси билан бошқа судга, жумладан доимий яшаш жойига яқин ҳудуддаги вакант лавозимга ўтказишни сўраб Судьялар олий кенгашига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Амалиётда судьяларни бошқа судларга ўтказиш масалалари фақат уларнинг хоҳишига кўра эмас, балки суд ҳокимияти манфаатлари, судларда кадрлар мувозанатини таъминлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда судьянинг мустақиллиги ва холислигини таъминлаш заруратидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади.

Хусусан, айрим ҳолатларда судьянинг яқин қариндошлари ёки қуда-андачилик муносабатлари туфайли бир ҳудудда бир хил ихтисосликда фаолият юритиши манфаатлар тўқнашуви хавфини келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолатларда судьялар имкон қадар яшаш жойига энг яқин бўлган бошқа ҳудуддаги судга ўтказилади.

Шунингдек, айрим ҳолларда судьянинг муайян ҳудудда фаолият юритиши суд мустақиллигига ёки одил судловни амалга оширишга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар юзага келганда, уни бошқа ҳудудга ўтказиш зарурати пайдо бўлади. Бундай қарорлар судьянинг мустақиллиги ва суд ҳокимиятининг обрўсини таъминлаш мақсадида қабул қилинади.

Амалдаги қонунчиликда судьяларни ротация қилиш ва бошқа ишга ўтказишнинг аниқ механизмлари кўзда тутилган. Оилавий шароит ўзгарганда ёки бошқа объектив сабаблар юзага келганда, судья тегишли бўш иш ўрни мавжуд бўлган тақдирда, ўша тоифадаги бошқа судга ўтказишни сўраб Судьялар олий кенгашига тўғридан-тўғри ёки малака ҳайъати орқали ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига  эга.

Қолаверса, бошқа судьялик лавозимларига ўтказиш очиқ танловлар асосида ўтказилиб, бунда эълон қилинган бўш судьялик лавозимига ариза берган судьялар орасидан билими, касбий лаёқати, шахсий фазилатлари, одоби, ҳудуддаги кўриладиган ишлар юкламаси, низолар хусусияти, мураккаблиги эътиборга олинган ҳолда, танлов натижаларига кўра эълон қилинган муайян судьялик лавозимига энг муносиб номзод Кенгашнинг коллегиал қарори асосида тайинланади.

Номи сир тутилаётган ушбу аёл судья қўшни вилоятда бўш  судьялик лавозими учун конкурсда иштирок этиш учун ўз ихтиёри  билан ариза топширган. Кенгаш йиғилишида эса ўғли билан кўчиб бориб ишлаш олишини, масофа ҳеч қандай муаммо туғдирмаслигини шахсан таъкидлаган.

Ўрганишлар давомида аниқланишича, кейинги олти ой мобайнида доимий яшаш жойига яқин ҳудуддаги судга ўтказиш масаласи юзасидан аёл судьялар томонидан Судьялар олий кенгашига бирорта ҳам ариза келиб тушмаган.

Судьялар олий кенгаши судьяларнинг меҳнат фаолияти, ижтимоий кафолатлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашга оид мурожаатлар келиб тушган тақдирда, уларни қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар томонлама ва холис кўриб чиқиш чораларини кўради.

Шуни ҳам қайд этиш лозим, ҳар бир аёл судья Кенгашнинг доимий эътиборида ва уларни қўллаб-қувватлаб келади.

Номи сир тутилаётган судья амалдаги тартибга риоя қилган ҳолда ўзи яшаш жойига яқин бўлган вакант жойга ўтказиш борасида мурожаат қилишига бирон моънелик йўқ.  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech