РАСМИЙ МУНОСАБАТ!

26 Июнь 2026 22:58 3933 Чоп этиш

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди раиси Хуршед Халиковнинг судьялик ваколати муддатидан аввал тугатилиб, у судьялик лавозимидан озод қилинганлиги турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, бугун Telegram ижтимоий тармоғидаги “Advokat Abdullayev | Rasmiy” блогида судьялик ваколати муддатидан аввал тугатилган судьяни қўрқмас, жасур, билимли судья эканлиги иддао этилиб, гўё уни жамият ўзининг ҳимоясига олиши кераклигига урғу берилиб,

“Балким, Кенгаш ихтиёрида жамоатчиликка ҳозирча маълум қилинмаган, судьялик ваколатини муддатидан аввал тугатиш учун етарли ҳуқуқий асослар мавжуддир. Агар шундай асослар мавжуд бўлса, улар очиқланиши керак” дейилган.

Шунга кўра, яъни бевосита Х.Халиковнинг адвокати томонидан асослар очиқланиши  сўралганлиги сабабли қуйидагилар маълум қилинади:

Фуқаро Ш.Вахобованинг шикояти асосида хизмат текшируви ўтказилиб, Х.Халиков таниши Р.Ҳамраеванинг илтимоси билан унинг дизайнери Ш.Вахобова ўртасидаги ўзаро мулкий келишмовчилик (Ш.Вахобовани алдаб, бир муддат ишлатиб, келишилган пулни ҳозиргача бермаган) низосига аралашиб, унга ўзини Р.Ҳамраеванинг шаръий турмуш ўртоғи сифатида кўрсатиб, суд ҳокимияти обрўсига ва судьялик шаънига путур етказадиган ҳамда судьянинг жамиятдаги юксак мақомига мос келмайдиган, судьялик нуфузига доғ туширадиган хатти-ҳаракатларни содир этиш орқали  “Судьялар одоби кодекси” талабларини қўпол равишда бузганлиги аниқланган.

Тошкент вилоят суди судьялари малака ҳайъати томонидан Х.Халиковга нисбатан интизомий иш қўзғатилиб, интизомий ишни кўриб чиқиш учун Х.Халиқов таклиф этилганида келмаганлиги сабабли, МҲ аъзолари жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судига бориб, у билан боғлиқ интизомий ишни кўриб чиқиб, унинг ваколатини муддатидан олдин тугатиш тўғрисида хулосага келган.

 Х.Холиқов МҲ.нинг ушбу қароридан норози бўлиб, судьялар Олий малака ҳайъатига мурожаат қилган бўлсада, олий малака ҳайъатининг йиғилишига ҳам сабабсиз келмаган.

Олий малака ҳайъатида иш кўриб чиқилиб, қуйи малака ҳайъати қарори ўз кучида қолдирилгач, Х.Халиков Судьялар олий кенгашига шикоят берган.

 Интизомий ишни шикоят билан бирга кўриб чиқиш учун 2 марта Кенгаш кун тартибига киритилган. Лекин, у турли баҳоналар билан 2 марта ҳам Судьялар олий кенгашининг йиғилишига келмагач, 2026 йил 24 июнга қолдирилиб, Х.Халиков ва адвокати иштирокида барча важлари ўрганилиб,                 (Х.Халиковнинг талаби бўйича шикоят билан мурожаат қилган фуқаро Ш.Вахобованинг онлайн иштироки ҳам таъминланиб)  шу куни  Судьялар олий кенгашининг №2144-сонли қарори билан Тошкент вилоят суди судьялари малака ҳайъатининг Х.Халиковнинг судьялик ваколатини муддатидан олдин тугатиш ҳаққидаги қарори кучида қолдирилган. Х.Халиковнинг шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Юқоридагилардан ташқари, 2026 йил 26 май куни Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича кассация инстанцияси томонидан суд раиси Х.Халиковга нисбатан хусусий ажрим ҳам чиқарилган.

Унга кўра,  Х. Халиков  Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми “л” бандида қўрсатилган жиноятни содир этганликда айбланган  фуқаро Х.Мамадалиевга оид жиноят иши кўриб чиқиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган ва унга ЖКнинг 72-моддасини қўллаб, 1 йил синов муддати белгилаган. (1988 йилда туғилган Д.Хамидовни чап қорин бўшлиғига пичоқ билан уриб, оғир тан жароҳати етказган).

Вилоят суди томонидан иш кассация инстанциясида кўрилиб, адолатсиз жазо тайинланган деб топилиб, синов муддати бекор қилинган.

Лекин шунга қадар, яъни синов муддати даврида Х.Мамадалиевнинг яқин қариндошлари томонидан айни шу жанжал давом эттирилиб,  жабрланувчи Д.Хамидовнинг қариндоши Д.Камилов қасддан ўлдирилган. 

Х.Халиковнинг ваколатини тугатиш масаласи қўйилганлиги сабабли суд ажрими ва унинг муҳокамасига оид хужжатлар Судьялар олий кенгашига юборилган.

Маълумот учун: юқоридаги ҳолат Х.Халиков билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Муқаддам, 2025 йил 18 августдаги вилоят суди судьялари малака ҳайъатининг қарори билан ҳам  унинг ваколатини муддатидан олдин  тугатиш масаласи қўйилган.

Бунга сабаб Х.Халиковнинг хизмат машинасининг давлат рақам белгисини ечиб ташлаб, Тошкент шаҳар кўчаларида бошқариб юрган вақтида ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилганда тўхтамасдан қочган. ЙПХ ходимлари томонидан кўрилган чоралар натижасида  тўхтатилганида суд раиси эканлигини айтган. Шунингдек, Х.Халиков хизмат машинаси ойналарини ноқонуний, техник регламентга мувофиқ бўлмаган плёнкалар ёпиштириб, қорайтириб олганлиги ҳам аниқланган.

Суднинг 2025 йил 15 декабрдаги қарори билан Х.Халиков Маъмурий жавобгарликка тортилиб, МЖтКнинг 125-моддаси 5-қисми, 126-моддаси                      1-қисми бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида                        9 млн. 375 минг сўм жарима қилинган.

Юқоридаги ҳаракатлари, яъни ўзи судья бўла туриб, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини қасддан бузганлиги, маъмурий жавобгарликка тортилганиги ва судьянинг шаъни ва қадр-қимматини тушурганлиги, суднинг мақомига мос келмайдиган ҳаракат содир эттганлиги сабабли,  Тошкент вилоят суди судьялари МҲнинг 2025 йил 18 августдаги қарори билан унга нисбатан ваколатини муддатидан олдин тугатиш жазо чораси қўлланилган.

Х.Халиковнинг  шикояти судьялар Олий малака ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, 2025 йил 15 сентябрдаги қарори  билан вилоят МҲ қарори бекор қилиниб, унга нисбатан ойлик иш ҳақининг ўн фоизи миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Айни интизомий жазо муддати қўлланилганидан кейин, хулоса қилмасдан, орадан бир йил ўтмасдан қайта интизомсизликка йўл қўйилиб, “Судьялар одоби кодекси” талаблари бузилганлиги, Х.Халиков ўзига хулоса қилмаганлиги ҳам ҳисобга олинган ҳолда, унинг яна бир марта имконият бериш ҳақидаги талаби қаноатлантирилмагани боис, шунингдек адвокати талабига асосан ушбу маълумотлар берилмоқда.

Ҳа, айтганча адвокатлардан бири Х.Халиков чиқарган иккита оқлов ҳукми кучида эканлигини қайд этган. Агарда айбланган шахснинг ҳаракатида жиноят аломати бўлмаса уни оқлаш судьянинг вазифаси. Бу яхши. Лекин, бир қанча суд қарорлари жазо адолатсизлиги сабабли шикоят ва протестлар асосида бекор қилингани ҳам бор... Х.Халиковнинг фаолияти  адвокатни қизиқтирса,  вилоят суди ёки Кенгашга келиб танишишига монелик йўқ.

Халқимиз “танганинг икки томони бор” деган иборани бекор айтмайди.  Бир маълумотни оммага эълон қилишдан олдин иккинчи тарафини ҳам ўрганиш жоиз. Шунда нотўғри маълумот беришнинг олди олинади. Бунга адвокатда имконият бор эди.  Ваҳоланки, ҳали қонунчилигимизда судьянинг интизомий ишини кўришда адвокат иштирок этиши назарда тутилмаган бўлсада, судьянинг манфаати юзасидан адвокатга барча материаллар танишиш учун тақдим этилган ва унинг Кенгаш йиғилишида иштирок этишига рухсат берилган эди. Ҳар ким ўз қаричи билан ўлчаши бор гап, лекин ҳуқушуносларнинг қаричи қонун доирасида бўлмоғи лозим.

Янаям, хулоса чиқариш ўзингиздан!  

 

                                                      Судьялар олий кенгаши

                                                               матбуот хизмати

  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech