Сайёр қабул: инсон манфаати йўлидаги мулоқот
Аввал хабар берганимиздек, Тошкент вилояти Халқ қабулхонасида Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоровнинг оммавий сайёр қабули бўлиб ўтди.
Қабул давомида вилоятнинг барча ҳудудларидан кўплаб фуқаролар турли масалалар юзасидан мурожаат қилишди. Жумладан, 24 нафар фуқаро мурожаатларининг 3 таси жойида ҳал этилди.
Қабулнинг яна бир эътиборли жиҳати — судга мурожаат қилган низоли оилалардан 3 нафари яраштирилди.
Сайёр қабул доирасида Тошкент вилояти Бандлик бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Меҳнат ярмаркасида 124 та корхона ва ташкилот иштирок этиб, турли соҳалар бўйича 2 мингдан зиёд бўш иш ўрни таклиф этилди. Ярмаркада 521 нафар иш изловчи фуқаро қатнашди. Ярмарка якунларига кўра, 136 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 69 нафари эса касб-ҳунарга ўқитиш курсларига йўлланма олди.
Ушбу оммавий сайёр қабул нафақат ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш, балки аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилалар мустаҳкамлигини сақлашга хизмат қилгани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Бу каби тадбирлар давлат идоралари билан аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлаш, инсон қадри ва манфаатини таъминлаш йўлида муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилади.



