РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Очиқлик даражаси умумий (аниқроғи ғаразли) фикрлар билан эмас, ҳуқуқий мезонлар билан белгиланади
Бугун баъзи бир ижтимоий тармоқларда (“Bahodir Ahmedov”, “Advokat Abdullayev”) Судьялар олий кенгашининг Расмий телеграм каналида эълон қилинган Кенгашнинг судьялик лавозимларига номзодларни тайинлаш бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтаётганлиги тўғрисидаги ахборотга муносабат билдирилиб, бу жараённинг очиқ эмаслиги даъво қилинди.
Хусусан, “Advokat Abdullayev”нинг даъвосича, “Жамоатчиликка йиғилиш бўлаётганини билиш унчалик қизиқ эмас” эмиш...
Булар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига асосан: “давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ўтказиладиган оммавий тадбирлар (мажлислар, кенгашлар...)” давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотлар жумласига киради ва улар эълон қилиб борилиши лозим.
Судьялар олий кенгаши амалдаги қонунчилик ижросини таъминлаган ҳолда, жамоатчиликка йиғилишларнинг бориши ва унинг натижалари ҳақида тезкор, энг муҳими – расмий кучга эга аниқ қарорларни тақдим этиб келмоқда.
Бугун ўтказилган Кенгаш йиғилишининг натижалари ҳам Расмий телеграм каналга аллақачон жойлаштирилган.
Албатта, сиз таъкидлаб ўтмасангиз ҳам Судьялар олий кенгаши аъзолари суд тизимида ҳар бир тайинлов инсон тақдири ва қонун устуворлиги билан боғлиқ эканлигини жуда яхши англайди.
Кенгаш ахборот узатишда ҳиссиётларга эмас, ҳуқуқий асосларга таянади. Шундан келиб чиқиб, Кенгаш расмий телеграм каналида ва интернет сайтида ҳар бир муҳим йиғилиш ҳақида жараённинг ўзидаёқ дастлабки ахборот берилади ва узоқ куттирилмаган ҳолда якуний қарорлар ҳам жойлаб борилмоқда.
Кенгашнинг судьялик лавозимларига номзодларни тайинлаш жараёни, жумладан номзодларнинг саволларга жавоб бериши Кенгаш биносининг кутиш залида ўрнатилган монитор орқали бошқа номзодлар учун онлайн трансляция қилинади. Шу билан бирга, номзодларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари вилоят судларида махсус алоқа тизими (ВКС) орқали имтиҳон жараёнини кузатишлари имконияти яратилган.
Лекин, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунда Кенгаш аъзоларининг овоз бериши ёпиқ мажлисда ўтказилиши, овоз бериш чоғида Кенгаш аъзоларидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек Кенгаш аъзоси маслаҳатлашув сирини ошкор этишга ҳақли эмаслиги, Кенгаш аъзоларининг овози ва уларнинг фикри сир сақланиши ҳамда унинг ошкор этилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида ҳуқуқий нормалар белгиланганлигини ҳам назардан четта қолдирмаслик керак.
Ўрни келганда, бу жараённи бевосита кузатиш учун қизиқиш билдираётганларга ҳеч қандай таъқиқ ўрнатилмаганлигини ҳам эътироф этиш, мақсадга мувофиқ.
Хулоса қилиб айтганда, давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлиги жамоатчиликни чалғитадиган нохолис, ғаразли, кинояли гаплар билан эмас, балки миллий қонунчиликда белгиланган меъёрлар билан таъминланади.
Судьялар олий кенгаши матбуот котиби
