СУДЬЯЛАР ОЛИЙ КЕНГАШИДА НАВБАТДАГИ ОЧИҚ МУЛОҚОТ
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2026 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманини Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, Кенгаш ўзининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратаётганини, 2026 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисидаги Ахбороти тайёрланиб, ундаги маълумотлардан кенг жамоатчилик ҳам хабардор бўлиши учун Кенгашнинг интернетдаги сайти ва расмий телеграм каналига жойлаштирилганлигини таъкидлаб, қуйидаги фикрларни билдирди:
Судьялар олий кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – судьялар корпусини энг муносиб, малакали судьялардан иборат таркибда шакллантиришдан иборат. Бу борада Кенгаш томонидан ошкоралик принципи асосида ўтказилган судьялик лавозимларига танловлар жараёнида 471 нафар судья лавозимга тайинланди. 2026 йил 1 июль ҳолатига кўра 79 та (4,6 %) вакант лавозим мавжуд. Бундан ташқари, Кенгаш ўзининг ваколатлари доирасида суд ҳокимияти мустақиллигини ва судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш билан боғлиқ бир қатор ишларни амалга оширмоқда.
Матбуот анжуманида Cудьялар олий кенгашининг судьяси Х.Садиков журналист ва блогерларга Кенгашнинг 2026 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти тўғрисида батафсил ахборот берди.
Таъкидландики, Кенгаш томонидан 2026 йилнинг биринчи ярми давомида одил судловга эришиш даражаси ҳамда уни амалга ошириш сифатини янада яхшилаш соҳасига доир қонунчиликни такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш борасида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилган. Шунингдек, ҳисобот даврида Кенгаш суд тизимда маънавий-маърифий ишлар сифатини янада ошириш мақсадида узоқ йиллар судьялик лавозимида самарали фаолият кўрсатган фахрийларнинг ҳаёт йўлини ибрат мактаби тариқасида тақдим этиш ишларига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, 2026 йилнинг январь ойида ўзининг чуқур билими, одоб-ахлоқи ва маънавий фазилатлари билан касбдошларига намуна бўлаётган, 14 нафар судья “Ибратли судья” мукофоти билан ҳамда 10 нафар судьянинг ота-онасига ташаккурнома билан тақдирланган.
Шу билан биргаликда жамиятда адолат ўрнатилишида алоҳида ўрнак бўлаётган 41 нафар судьянинг ота-онасига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилган.
Матбуот анжуманининг навбатдаги қисми савол-жавобларга бой тарзда ўтди.
Анжуман иштирокчилари, журналист ва блогерлар Судьялар олий кенгаши фаолияти билан боғлиқ, жумладан судьялик лавозимларига номзодларни қандай мезонлар асосида танлаб олиниши, судьяларни бошқа ҳудудларга ўтказиш тартиби ва унинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисида кўплаб саволлар беришди. Мазкур саволларга мутасаддилар томонидан батафсил жавоблар берилди.








