ФАРОВОНЛИК ФОРМУЛАСИ: СУДЬЯ, ЖАМИЯТ ВА ИЖТИМОИЙ ҲАЁТ УЙҒУНЛИГИ

24 Июль 2026 12:38 140 Чоп этиш

           Ўзбек халқининг энг азиз, ардоқли ва қадрли тушунчаларидан бири – ФАРОВОНЛИК тушунчаси бўлиб, ота-боболаримиз ҳар гал дуога қўл очганларида биринчи навбатда Яратгандан юртга фаровонлик, тўкин-сочинлик, мўл-кўлчилик сўрашади.

          Ушбу қадимий ҳикмат ҳақида қайғуриш Янги Ўзбекистоннинг, унда амалга оширилаётган шиддатли демократик ислоҳотларнинг бош мақсади, деб белгиланди.

Аҳамиятлиси, фаровонликнинг энг асосий мезонлари инсонни эъзозлаш, унинг қадр-қимматини жойига қўйиш, одамларга муносиб турмуш шароитларини яратиб бериш шунчаки баландпарвоз гап-сўзлар, шиорлар ёки қоғозларда эмас, балки реал ҳаётий воқеликка айланди.

          Бундай рўшнолик барча давлат органлари ходимлари қаторида судьялар ва суд тизими мутахассислари ҳаётида ҳам сезиларли даражада ошди.

          Судьяларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда уларнинг обрў-эътибори, нуфузини ошириш борасида кескин ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.

          Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, дастлаб ўзининг, оиласининг ҳаётий эҳтиёжлари учун зарур бўлган пул маблағларига эга бўлиши, судьяларнинг жамият ҳаётидаги мақомига муносиб равишда моддий-техник ва ижтимоий таъминлашни назарда тутади. Булар судьялар фаолиятига ташқи ва ички таъсирларни камайтириш, одил судловни холис амалга ошириш, тизимда коррупциянинг олдини олишга хизмат қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, кейинги 10 йил ичида судьялар ва судлар аппаратлари ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминотини тизимли равишда яхшилаб бориш, ойлик иш ҳақлари миқдорини оширишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.

Судьяларни моддий-техник жиҳатдан таъминлашнинг адолатли, холис ва қонуний механизми яратилганлиги, хусусан судьяларга малака даражасини бериш бўйича аниқ тартиб ва мезонларнинг ишлаб чиқилганлиги, судья ва суд ходимлари ойлик маошларини шакллантирувчи барча устамалар ва уларнинг миқдорини белгилашнинг янги тартиби ўрнатилганлиги ўзининг амалий самарасини берди.

Алоҳида мамнуният билан қайд этиш жоизки, бугунги кунда судьяларимизнинг ижтимоий ҳимояси Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида энг юқорисидир.

Жамиятнинг биз судьяларларга нисбатан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлиги ва эътибори учун миннатдор бўлишимиз баробарида ижтимоий адолат ўрнатилишидаги масъулият ва жавобгарлигимиз ҳам жуда юксак эканлигини асло унутмаслигимиз шарт...

Шу ўринда Ҳазрат Алишер Навоий бобомизнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарида баён этилган қуйидаги пурмаъно ўгитини ёдга олиш мақсадга мувофиқ: “Ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим”.

Аллома бобомизнинг ушбу ўгити моҳиятида жуда катта масъулият мужассам. Зеро, судьянинг ҳукми аввало инсоннинг, қолаверса бутун жамиятнинг тақдирига тўғридан-тўғри таъсирини кўрсатишини асло инкор этиб бўлмайди.

Шу боис судьянинг шахсий манфаатлардан мутлақо холи, виждонли ва холис бўлиши нафақат ахлоқий, балки конституциявий талаб ҳамдир.

Дарвоқе, БМТ Бош Ассамблеясининг 79/266-сонли резолюцияси билан 25 июль – Халқаро судьялар ва суд ходимлари фаровонлиги куни деб белгиланган.

Судьялар ва суд ходимларининг моддий, маънавий, руҳий ҳамда жисмоний фаровонлиги халқаро ҳамжамиятнинг энг нуфузли органлари доимий диққат-эътиборидаги масала эканлиги бежиз эмас.

Судьялар ва суд ходимларининг фаровонлиги ҳақида гап кетганда, соҳа мутахассисларининг фаровонлиги шунчаки бир ижтимоий-маиший масала, жумладан уларнинг моддий нуқтаи назар тўкинлиги деб тушунилмаслиги лозим. Фаровонлик моҳиятан жуда кенг тушунча бўлиб, аввало ахлоқий ва инклюзив суд маданиятидир.  

Судьяликдек ўта мураккаб ва масъулиятли касб вакилларининг доимий стресс (руҳий зўриқиш ҳолатида бўлиши), иш юкламаси юқорилиги қарор қабул қилиш сифатига салбий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Судьяларнинг иш юкламасини камайтириш мақсадида миллий суд тизимимиз тарихида илк бор қисқа муддат ичида қўшимча 400 та судьялик штати жорий қилинди.

Судларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ-140-сонли Фармони билан 2025 – 2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Албатта, булардан кўзланган ягона мақсад – фуқаролар, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали фаолият кўрсатадиган суд органлари орқали ҳимоя қилиш, пировардида жамият ҳаётида адолатни қарор топтиришдир.

Шубҳасиз, адолатли қарор қабул қилиш фақатгина билим ва тажриба билан эмас, балки судьянинг жисмоний ва руҳий ҳолати билан чамбарчас боғлиқ бўлган ниҳоятда муҳим ҳуқуқий воқелик бўлиб ҳисобланади. Ҳар куни ўнлаб тақдирлар, мураккаб ҳуқуқий баҳслар ва юқори масъулият билан юзма-юз келадиган судьядан ҳар доим бир хил даражада диққат, вазминлик ва холислик талаб этилади. Бу эса инсон организми ва руҳияти учун катта синовдир.

Бежиз ҳадисда “Ҳеч бир ҳакам ғазабланган ҳолида икки киши ўртасида ҳукм чиқармасин” деб келтирилмаган. Бу ҳадис замонавий психология ва нейроилм нуқтаи назаридан ҳам ўз тасдиғини топиб бормоқда.

Илмий тадқиқотлар кучли стресс, чарчоқ ва эмоционал босим инсоннинг таҳлил қилиш, холис хулоса чиқариш ҳамда мувозанатли қарор қабул қилиш қобилиятини пасайтиришини кўрсатади. Судьянинг руҳий барқарорлиги – адолатли судловнинг муҳим шартларидан биридир.

Масаланинг муҳимлиги шундаки, судьяларнинг руҳий ва жисмоний соғлиги уларнинг турли ташқи босим, тазйиқ ва таъсирларга нисбатан чидамлилигини оширади. Руҳий толиққан, жисмоний чарчаган судья ташқаридан бўладиган ноқонуний таъсирларга нисбатан заифроқ, чидамсизроқ бўлади ва бу албатта судьянинг мустақиллигига путур етказади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, судьялар ва суд ходимларининг фаровонлиги уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига эътибор қаратишда ҳам намоён бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига мувофиқ: ҳудудларда судьяларни мажбурий тартибда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда Судьялар олий кенгаши томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланди.

Ушбу вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Судьялар олий кенгаши ўртасида бу борада ҳамкорлик йўлга қўйилиб, “Ҳудудларда судьяларни мажбурий тартибда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом ва унга илова қилинган 086-1-шакл тасдиқланди.

Шунга кўра жорий йилнинг 20 мартига қадар Қорақалпоғистон Республикаси шифохонаси, вилоятлар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Тошкент шаҳар диагностика марказларида судьяларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши ташкил этилди.

Тадбирда 1455 нафар судьялар тиббий текширувдан ўтказилиб, айрим судьяларда текширув жараёнида аниқланган касалликлар юзасидан тегишли  тиббий тавсиялар берилди.

Айни пайтда судья ва суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя этиш, мавжуд касалликлардан даволаниш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси психолог мутахассислари томонидан алоҳида ўқув дастури асосида судья ва суд ходимлари билан стресс ҳолатларини енгиб ўтиш, руҳий зўриқишга чидамлиликни оширишга қаратилган махсус психологик тренинглар ўтказилиб келинмоқда.

Жамиятимизда судьялар учун яратилаётган шароитларни улар учун алоҳида имтиёз эмас, балки профессионал фаолиятини таъминлаш борасидаги зарур ва муҳим қадам, деб айтсак тўғри бўлади.

Бир ҳақиқатни унутмаслигимиз керак: адолат ҳеч қачон тасодиф билан қарор топмайди. Уни виждонли, юксак маънавиятли, холис, мустақил ва қонунга содиқ судьялар қарор топтиради. Судьяга эътибор – муайян касб эгасига кўрсатилаётган ғамхўрлик эмас, адолатга бўлган эътибордир. Адолатга бўлган эътибор эса халқнинг эртанги кунига, давлатнинг барқарор тараққиётига ва унинг келажагига бўлган эътибордир.

 

Холмўмин Ёдгоров,

Ўзбекистон Республикаси Судьялар  олий кенгаши раиси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech