ФАРОВОНЛИК – МАСЪУЛИЯТ, ИЖТИМОИЙ ИШОНЧ ОМИЛИ

24 Июль 2026 20:28 7 Чоп этиш

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг ташаббуси билан Одил судлов академиясида БМТ Бош Ассамблеясининг 79/266-сонли резолюцияси билан белгиланган 25 июль – Халқаро судьялар ва суд ходимлари фаровонлиги кунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда суд фахрийлари, Судьялар олий кенгаши аъзолари, Олий суд, Тошкент шаҳар, Тошкент вилоятлари судьялари иштирок этишди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар судьялари масофадан туриб (онлайн) қатнашишди.

Давра суҳбатини Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, судья ва суд ходимларининг моддий-маънавий, руҳий ва жисмоний фаровонлиги масаласи адолатли қарорлар қабул қилинишида ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга омил эканлигини, бежиз бу сана БМТ Бош Ассамблеяси томонидан белгиланмаганлигини таъкидлаб ўтди.

Сўзга чиққан суд фахрийлари У.Мингбоев, Т.Мирзаев, Д.Муродовалар ўзлари ишлаган даврларда судьялар учун бугунгидай шарт-шароит ва имкониятлар мавжуд бўлмаганлигини, айниқса кейинги йилларда судьялар ва суд тизими ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги нуфузини оширишга қаратилган жуда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтишди. Бундай эътибор ва яратилаётган муносиб шароитлар судьялар ва тизимдаги ҳар бир ходимга юксак масъулият юклашига ҳам алоҳида урғу қаратилди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, бу кунни байрам сифатида белгилаш халқаро ҳамжамиятнинг тегишли органлари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилган.

Маълумотларга кўра, 2021 йилда 100 дан ортиқ давлат судьялари иштирокида сўровнома ўтказилган бўлиб, унда иштирок этган судьяларнинг 76 фоизи ўз жисмоний ва руҳий саломатлигига ғамхўрлик қилиш учун вақт етишмаслигидан шикоят қилган; 92 фоизи эса суд фаолияти билан боғлиқ доимий руҳий зўриқиш (стресс)ни тез-тез ҳис қилишини тан олган; 89 фоизи ҳамкасбларининг ҳам стресс ёки хавотир ҳолатига дучор бўлаётганидан хабардор эканини маълум қилишган. Бу рақамлар суд тизимидаги кадрларнинг руҳий ва жисмоний саломатлиги масаласи энди иккинчи даражали эмас, балки адолат тизимининг самарадорлигини белгиловчи асосий омиллардан бирига айланганини кўрсатади.

Шундан келиб чиқиб, 2024 йил 25 июль куни Науру давлатида ўтказилган йирик халқаро конференцияда дунё амалиётида биринчи марта суд фаровонлигига бағишланган махсус ҳужжат — Науру декларацияси қабул қилинган. Шу тариқа ҳар йили 25 июль куни “Халқаро судьялар ва суд ходимлари фаровонлиги куни” сифатида нишонланиши белгиланган.

Тадбир якунида судьялар ва суд тизими ходимлари учун бу сананинг аҳамияти ниҳоятда юксак эканлиги қайд этилиб, соҳа вакиллари байрам билан қутланди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech