Жорий йилнинг 11-13 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг бир гуруҳ судьялари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида
Жорий йилнинг 11-13 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг бир гуруҳ судьялари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган судлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида хизмат сафарида бўлишди.
Ташриф давомида судьялар Central Criminal Court, London Tribunals Centre, Central London County Court ва Westminster Magistrates’ Court каби турли инстанция ва йўналишдаги судларда бўлиб, маҳаллий судьялар ва суд маъмурияти вакиллари билан учрашиб, фикр-мулоҳазалар алмашишди.
Учрашувларда судларни маъмурий бошқариш, ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш ва иш юкламасини бошқариш, судьяларнинг кундалик иш жараёни, суд фаолиятини рақамлаштириш ҳамда суд мажлисларини самарали ташкил этиш борасидаги амалий тажриба ўрганилди.
Буюк Британиялик ҳамкасблар билан бевосита мулоқотлар жараёнида судьяларимиз электрон иш юритиш тизимлари, судьяларга кўрсатиладиган ташкилий-техник ёрдам, шунингдек фуқароларнинг суд хизматларидан фойдаланиши билан боғлиқ масалаларда амалий кўникма ва тажриба орттиришди.
Ушбу сафар доирасида ўрганилган тажриба келгусида Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, жумладан «Суд маъмурчилиги» институтини жорий этиш борасидаги ишларда амалий аҳамият касб этади.






