РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
САРАЛАШ САБАБСИЗ ЭМАС...
судьяликка муносиблик ҳал қилувчи мезондир
“GENERALISSIMUS” телеграм каналида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясининг касбий қайта тайёрлаш курсларига кириш синовларида иштирок этувчи талабгорлар рўйхатини шакллантириш тартиби юзасидан билдирилган фикрлар Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августдаги ПФ–141-сон Фармонига мувофиқ, касбий қайта тайёрлаш курсларига кириш учун талабгорларнинг тегишли ҳужжатлари Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади.
Кенгашнинг 2025 йил 23 августдаги 2040-сон қарори билан тасдиқланган қабул тартибининг 16-бандига кўра, белгиланган тартибда ўрганилган ва ўрганиш натижалари ижобий баҳоланган талабгорларгина кириш синовларида иштирок этиши мумкин.
2026/2027 ўқув йили учун кириш синовларида иштирок этиши мумкин бўлган талабгорлар рўйхати Судьялар олий кенгашининг 2026 йил 5 августдаги 2155-сон қарори билан коллегиал тартибда тасдиқланган.
“Мен Ички ишлар органи ходимиман. Қабул учун белгиланган барча параметрларга тўғри келаман: интизомий жазоим йўқ, иш жойимдан ижобий тавсифланганман” деган даъволар – номзод барча мезонларга жавоб бериши учун етарлича асос бўлмайди. Саралашда фақат хизмат интизоми эмас, балки олий юридик маълумот, камида етти йиллик юридик иш стажи, ёш талаби, тиббий чекловлар, фуқаролик ва бошқа ҳуқуқий талаблар ҳам текширилади. Энг муҳими, Судьялар олий кенгаши номзоднинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқатлилиги бўйича унинг судьялик касбига муносиблигини ўрганади.
“Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, Кенгаш мажлисларидаги маслаҳатлашув жараёни, аъзоларнинг овози ва фикри сир сақланади. Шу сабабли муайян талабгор бўйича Кенгаш аъзоларининг фикрлари ва овоз бериш тафсилотлари ошкор қилиниши мумкин эмас.
Бундан ташқари, постда муаллифнинг шахсига оид маълумотлар келтирилмаганлиги сабабли муайян номзод бўйича ҳолатни текшириш имкони бўлмади.
Нозодлар ҳақидаги ахборотларда шахсга доир маълумотларни мавжуд бўлганлиги сабабли, буни жамоатчиликка ошкор қилиш қонунга зид.
Номзодларда ўрганиш натижалари бўйича саволлар бўлган тақдирда шахсан Судьялар олий кенгашига келиб маълумот олиши мумкинлиги маълум қилинади.
Судьялар олий кенгаши қабул жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган асослантирилган фикр ва таклифларни эътиборсиз қолдирмайди. Саралаш тартиби бузилганини кўрсатувчи асосли далиллар тақдим этилган тақдирда, улар холис ва ҳар томонлама кўриб чиқилиб, қонуний хулоса қилиниши кафолатланади.
Шу билан бирга, жамоатчиликка тарқатилаётган маълумотга масъулият билан ёндашиш сўралади.
Маълумот учун: қабулга “1000 нафардан ортиқ номзод” эмас, жами 849 нафар талабгор ҳужжат топширган.
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши
Матбуот котиби
