РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
ФОЖИА — ТАХМИННИ ФАКТГА, ҚАЙҒУНИ ЭСА АХБОРОТ МАНИПУЛЯЦИЯСИ ВОСИТАСИГА АЙЛАНТИРИШ УЧУН АСОС БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК
2026 йил 15 август куни жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Азиза Асатовна Мирзаеванинг фожиали йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этгани ҳақидаги хабар кенг жамоатчиликни, шу билан биргаликда судьялар ҳамжамиятини чуқур қайғуга солди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдардлик изҳор этади.
Марҳуманинг хотирасига ҳурмат сақланиши лозим бўлган ушбу оғир дамларда айрим ижтимоий тармоқ саҳифаларида тасдиғини топмаган, текширилмаган тахминлар билан Судьялар олий кенгашининг қонуний фаолияти ҳақида жамоатчиликда нотўғри тасаввур уйғотувчи нохолис фикрлар тарқатилмоқда.
Тарқатилган материалда бирор-бир тасдиқловчи ҳужжат ёки ишончли манба келтирилмасдан, марҳума судьянинг жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси лавозимига тайинланиши гўё “ихтиёрий эмас, мажбурий розилик натижаси” бўлгани тахмин қилинган. Шунингдек, судьяларнинг яшаш жойидан бошқа ҳудудда фаолият юритишига нисбатан “сургун” ибораси қўлланиб, фожиали йўл-транспорт ҳодисаси мазкур тайинловнинг оқибатидек талқин қилинган.
Бу иддаолар ҳеч қандай ишончли далил ва ҳуқуқий асосга эга эмас:
биринчидан, Судьялар олий мактабини тамомлаш номзоднинг автоматик тарзда ёки дарҳол судьялик лавозимига тайинланишини кафолатламайди.
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, бўш судьялик лавозимлари ҳақидаги ахборот Кенгашнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга оширилади. Номзод эса муайян бўш судьялик лавозимини эгаллаш учун ўтказиладиган танловда иштирок этиш тўғрисида бевосита Кенгашга ариза беради.
Шу сабабли, Судьялар олий мактабини тамомлаш билан судьялик лавозимига тайинланиш ўртасида маълум вақт ўтганини номзоднинг тайинланиши атайлаб кечиктирилгани сифатида кўрсатиш қонунчиликда белгиланган танлов тартибининг моҳиятига мувофиқ эмас;
иккинчидан, А.Мирзаева жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси лавозимини эгаллаш учун танловда ўзининг ёзма аризаси ва розилиги асосида иштирок этган. Кенгашнинг 2024 йил 18 декабрдаги қарори билан у судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси лавозимига тайинланган. Шундай экан, номзоднинг ўз хоҳиш-иродаси ва розилиги асосида амалга оширилган қонуний тайинловни “мажбурий розилик натижаси” сифатида талқин қилиш ҳақиқатга зид;
учинчидан, А. Мирзаева судьялик лавозимига тайинланган 2024 йил 18 декабрь ҳолатига кўра, у яшаб ва меҳнат қилиб келган Самарқанд вилоят судида бўш судьялик лавозими мавжуд бўлмаган.
Судьялик лавозими номзоднинг яшаш манзилига қараб яратилмайди. Номзод қонунчиликда белгиланган тартибда эълон қилинган мавжуд бўш лавозим учун танловда ўз хоҳиш-иродаси билан иштирок этади.
Судьяларнинг, шу жумладан аёл судьяларнинг оилавий ва ижтимоий шароитларига имкон қадар эътиборли ёндашиш зарурати инкор этилмайди. Аксинча, Кенгаш судьяликка номзодларни кўриб чиқишда уларнинг оилавий ва ижтимоий шароитларини ҳам эътибордан четда қолдирмайди.
Жумладан, Кенгашнинг ўтган ҳафта ўтказилган сўнгги мажлисида Навоий вилоятида истиқомат қилувчи аёл номзоднинг Бухоро туманлараро иқтисодий судидаги бўш судьялик лавозимини эгаллаш масаласи кўриб чиқилди. Муҳокама жараёнида номзоднинг оилавий шароити ҳамда унинг бошқа вилоятда фаолият юритиши оиласи учун қийинчилик туғдирмаслиги масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Номзод мазкур лавозимда ишлаш истаги қатъий эканини билдирди. Турмуш ўртоғи ҳам бу қарорни қўллаб-қувватлашини, оиласи билан Бухоро вилоятига кўчиб боришини ҳамда ўз иш фаолиятини шу ҳудудга ўтказишини маълум қилди. Номзод танлов натижаларига кўра Бухоро туманлараро иқтисодий судининг судьяси лавозимига тайинланди.
Ушбу мисол Кенгаш аёл номзодларни судьялик лавозимига тайинлашда уларнинг оилавий ва ижтимоий шароитларига имкон қадар эътибор қаратишини кўрсатади. Бироқ, ҳар бир аёл судьяни айнан ўзи истиқомат қиладиган ҳудуддаги лавозимга тайинлаш имконияти ҳамиша ҳам мавжуд эмас. Чунки, тайинлов масаласи мавжуд бўш судьялик лавозимлари, қонунчиликда белгиланган танлов мезонлари, номзодларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда уларнинг эркин хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда ҳал этилади;
тўртинчидан, судьяни унинг розилигисиз бошқа судьялик лавозимига ўтказишга қонунчилик йўл қўймайди. Хусусан, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 73-моддасига мувофиқ, судья ваколатлари муддати даврида фақат ўзининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан бошқа судьялик лавозимига ўтказилиши мумкин.
Мазкур талаб судьянинг жинсидан қатъи назар, барча судьяларга бир хилда татбиқ этилади. Ушбу қоида Кенгашнинг амалий фаолиятида ҳам қатъий таъминланади.
Шунингдек, судьянинг муайян ҳудудда хизмат қилишига нисбатан “сургун” иборасининг қўлланилиши ҳуқуқий жиҳатдан мутлақо нотўғри. Қолаверса, бундай ёндашув қонуний тайинловни жазолаш ёки мажбурлаш сифатида кўрсатибгина қолмай, Томди тумани ва у ерда яшовчи аҳолига нисбатан ҳам ҳурматсиз муносабатни ифодалайди.
Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида яшаётган фуқаролар малакали судьялар томонидан одил судлов амалга оширилишидан тенг даражада манфаатдор. Томди туманида судьялик вазифасини бажариш «сургун» эмас, балки ўша ҳудудда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган шарафли касбий фаолиятдир.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, фожиали йўл-транспорт ҳодисаси билан марҳума судьямизнинг судьялик лавозимига тайинланиши ўртасида сабабий боғлиқлик мавжудлиги ҳақида ҳеч қандай расмий хулоса йўқ.
Ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа ҳолатларига ҳуқуқий баҳо фақат ваколатли органлар томонидан, қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказиладиган текширув натижаларига кўра берилади.
Текширув якунланмасдан туриб, марҳуманинг ўз розилиги асосида амалга оширилган қонуний тайинловни унинг фожиали вафоти билан боғлаш ва шу орқали Судьялар олий кенгашини маънан масъул қилиб кўрсатувчи тасаввур уйғотиш мутлақо асоссиздир.
Кенгаш судьялар корпусини шакллантириш ва суд тизими фаолиятига оид асосли танқид, таклиф ва жамоатчилик муҳокамаларини ҳурмат қилади.
Бироқ, нохолис, ҳақиқатга зид ва текширилмаган тахминларни тасдиқланган факт сифатида талқин этишга ҳам йўл қўймайди...
Ўзбекистон Республикаси
Судьялар олий кенгаши
Матбуот котиби
