РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Баъзи бир ижтимоий тармоқларда судьялар томонидан манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, даромадлари ва мол-мулки тўғрисидаги декларацияларни тақдим этиш, текшириш ҳамда таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизими белгиланган муддатда яратилмагани ҳақида маълумотлар тарқатилди.
Ушбу маълумотлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июндаги ПФ–106-сон Фармони билан юклатилган вазифа ижроси доирасида Судьялар олий кенгашининг ахборот тизимида декларацияларни тақдим этиш ва улар билан ишлашга мўлжалланган махсус модуль ишлаб чиқилди ва Фармонда белгиланган муддатда – 2026 йил 1 сентябрга қадар синов (тест) режимида ишга туширилди.
Мазкур модуль судьялар томонидан тегишли маълумотларни электрон шаклда киритиш, декларацияларни марказлашган тарзда жамлаш, шунингдек, ваколатли ходимлар томонидан уларни текшириш ва таҳлил қилиш имконини беради.
Синов даврида тизимнинг техник имкониятлари, маълумотларни киритиш ва қайта ишлаш жараёнлари, шунингдек, ахборот хавфсизлиги талаблари босқичма-босқич синовдан ўтказилиб, такомиллаштирилмоқда.
Синов натижалари якунлангач, тизим тўлиқ ишга туширилади. Тизим хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, унга кириш ҳуқуқи судьялар ҳамда тегишли ваколатга эга масъул ходимларга берилган.
Декларацияларда шахсга доир маълумотлар мавжудлиги сабабли уларнинг муҳофазасини таъминлаш мақсадида мазкур бўлимдан фойдаланиш чекланган кириш ҳуқуқлари асосида ташкил этилган ва у кенг жамоатчилик учун очиқ эмас.
Шу боис платформанинг очиқ саҳифасида мазкур бўлимнинг кўринмаслигини тизим яратилмагани ёки белгиланган муддат бузилганига далил сифатида келтириш асоссиздир.
Электрон тизимнинг мавжудлиги ва фаолиятини баҳолашда унинг вазифаси, фойдаланувчилар доираси ҳамда ахборотдан фойдаланиш тартиби инобатга олиниши лозим.
Жамоатчиликни расмий манбаларга таянишга ва тасдиқланмаган ахборотни тарқатишдан тийилишга чақирамиз.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
