РАСМИЙ МУНОСАБАТ!
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси судьяси Х.Камолов томонидан ўтказилган хизмат текшируви жараёнида гўёки “ёзиб олиш воситаларидан ноқонуний фойдаланилганлиги”, олинган аудиоёзувнинг фақат бир қисми тақдим этилганлиги ва асл техник қурилма утилизация қилинганлиги тўғрисида тарқатилаётган хабарлар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Тарқатилаётган иддаолар асоссиз бўлиб, амалдаги қонунчилик нормаларини ва жиноят-процессуал тартиб-таомилларини бузиб кўрсатиш мақсадини кўзлайди.
“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасига мувофиқ Кенгаш судьяларга нисбатан хизмат текширувлари ўтказишни ташкил этиш ваколатига эга бўлиб, мазкур суҳбат расмий хизмат жараёни ҳисобланади.
Текширувчи томонидан аудиоёзувдан фойдаланилиши тушунтиришларнинг холислиги, тўлиқлиги ва аниқлигини таъминлашга қаратилган.
Суҳбат жараёнида ҳуқуқбузарлик аломатларини тезкорлик билан ҳужжатлаштириш ва далилларнинг йўқолиши (йўқ қилинишини)нинг олдини олиш мақсадида шахсий телефондан фойдаланилганлиги мазкур қонуний мажбуриятнинг бажарилиши билан тўлиқ асосланади.
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 26-моддасига асосан давлат хизматчилари ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари тўғрисида зудлик билан хабардор қилишлари шарт.
Амалдаги жиноят процесссуал қонунчиликда далиллар дахлдорлиги принципидан келиб чиқиб тергов органларига фақат содир этилган эҳтимолий жиноят предметига бевосита дахлдор бўлган ҳамда жиноят аломатларини ўзида акс эттирган аудиоматериаллар тақдим этилади.
Ишга, яъни коррупциявий ҳолатга алоқаси бўлмаган, шунингдек қонун билан қўриқланадиган хизмат ёки маслаҳат хонаси сирини ташкил этувчи суҳбатнинг бошқа қисмларини терговга топшириш қонунчилик талабларига зид бўлиб, махфийлик тартибининг бузилишига олиб келган бўлар эди.
Бинода Кенгаш судьяларининг шахсий телефондан фойдаланиши тақиқланмаган. Шахсий телефон текширувчи шахснинг хусусий мулки ҳисобланади. Унга ёзиб олинган суҳбат тегишли тартибда тақдим қилинган бўлиб, мосламани муддатсиз сақлаш мажбуриятини юкламайди.
Энг асосийси, мазкур жиноят иши ҳозирда мазмунан кўриб чиқилмоқда. Далилларни текшириш, уларга баҳо бериш ва мақбул деб топиш суднинг мутлақ ҳуқуқидир.
Суд ҳукми чиққунга қадар далилларни матбуотда шубҳа остига олиш ва бирёқлама талқин қилиш судга жамоатчилик орқали босим ўтказишга интилиш сифатида баҳоланади.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати
