АВЛОДЛАР УЧРАШУВИ — ИБРАТ ВА ҲАЁТ САБОҒИ

28 Октябрь 2026 19:49 14 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг йирик ижтимоий лойиҳаларидан бири — «Авлодлар учрашуви» доирасида жорий йилнинг 28 октябрь куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги 6-сонли умумтаълим мактабида ушбу таълим муассасасининг собиқ ўқувчиси, суд фахрийси, «Шуҳрат» медали соҳиби Митанбой Равшанов билан маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир кўп йиллик меҳнат фаолиятини қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга бағишлаган ҳуқуқшуноснинг ибратли ҳаёт йўли билан ёшларни яқиндан таништиришга хизмат қилди.

Митанбой Равшанов 1974 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаб, тергов, прокуратура, суд ва адвокатура тизимларида масъулиятли вазифаларда меҳнат қилган. Жумладан, Жиззах вилоят суди судьяси, Жиззах шаҳар суди раиси ҳамда жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди судьяси сифатида фаолият юритган. Шунингдек, Жиззах вилояти адвокатлар ҳайъати раиси ва Адвокатлар палатасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимларида самарали меҳнат қилган.
Бир вақтлар ўзи ҳам ўқувчи сифатида таълим олган қадрдон мактабига ташрифи устозларга эҳтиром, илм масканига садоқат ҳамда авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликнинг ифодаси бўлди. Инсон ҳаётида илк билим ва тарбия берган мактабнинг ўрни беқиёс экани, келгуси ютуқлар пойдевори айнан шу масканда қўйилиши мазкур учрашувга алоҳида мазмун бағишлади.

Митанбой Равшановнинг бой касбий тажрибаси ва шарафли меҳнат йўли ёшлар учун ҳалоллик, масъулият, адолат ва касбга садоқат борасида ибрат мактабидир. Унинг ҳаёт йўли юксак марраларга эришиш замирида тинимсиз меҳнат, билимга интилиш ва ўз устида ишлаш мужассам эканини кўрсатади.
Учрашув ҳақидаги таассуротларини баён этар экан, ўзбек тили фанидан олимпиаданинг туман босқичи ғолиби, 11-«Е» синф ўқувчиси Рухшона Усанова шундай деди:
«Мактабимизда Митанбой Равшановдек инсон таҳсил олганидан фахрланаман. Бугун у кишининг ҳаёт йўли билан танишиб, биз ўқиётган шу мактабдан катта мақсадлар сари йўл олиш мумкинлигини янада чуқур ҳис қилдим. Мен ҳам келажакда қайси касбни танламай, уни пухта эгаллашни, одамларга фойдам тегишини истайман. Йиллар ўтиб, қадрдон мактабимга устозларимнинг ишончини оқлаган инсон сифатида қайтишни орзу қиламан».

Мазкур маърифий учрашув ўқувчиларни пухта билим эгаллашга, устозлар ўгитига амал қилишга, келажакда эл-юртга наф келтирадиган малакали мутахассислар бўлиб етишишга руҳлантириши билан аҳамиятли бўлди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech