РАҚАМЛИ ДУНЁ – РАҚАМЛИ ОДИЛ СУДЛОВ
Бугун Одил судлов академиясида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаларининг судьялари иштирокида киберхавфсизлик, рақамли далиллар ҳамда суд фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш масалаларига бағишланган халқаро ўқув курси ташкил этилди.
Ўқув курсини Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров кириш сўзи билан очиб қуйидаги фикр-мулоҳазаларни айтиб ўтди:
Минтақамизнинг 5 та Республикасидан 12 нафар судьяларнинг иштирок этаётганлиги, мамлакатимизда судьялар корпусининг касбий салоҳиятини юксалтириш, одил судлов фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда судьяларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида миллий амалиёт шаклланганлиги, соҳада муайян натижаларга эришилаётганлигидан далолат беради.
Мазкур халқаро ўқув курси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини самарали таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, миллий ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини қиёсий ўрганиш ҳамда судьяларнинг замонавий рақамли технологиялар бўйича касбий билим ва кўникмаларини оширишда амалий аҳамият касб этади.
– Бегалиев Ернар Нурланович, Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзоси:
Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз томонидан ташкил этилган ўқув курси мавзуси жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Сабаби, кейинги йиллардаги шиддадли трансформациялашув жараёнлари одил судлов тизими олдига ҳам бир қатор янги вазифаларни қўймоқда.
Одил судлов фаолиятини рақамлаштиришда киберхавфсизлик ёки киберҳуқуқ тушунчаларининг аҳамиятини теранроқ тушуниш судьялар фаолиятида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бугунги кунда судьялар рақамли саводхонлиги ва малакасини доимий ошириб бориш заруриятини инкор этиб бўлмайди. Шу маънода, бугун бошланган халқаро ўқув курси ташкил этилганлиги судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун зарур техник инфратузилма яратиш ва бошқа масалаларда тажриба алмашиш учун қулай шароит эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Узакбаев Азамат Насырович, Қирғиз Республикаси Жалолобод вилоят суди судьяси:
– Халқаро ўқув курси дастурида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Олий суди судьялари, киберхавфсизлик, рақамли криминалистика, суд экспертизаси ва сунъий интеллект соҳаларидаги етакчи мутахассислари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ихтисослаштирилган муассасалар ҳамда илмий жамоатчилик вакилларининг маърузалари белгиланганлиги жуда тўғри. Бундай маърузалар мавзу билан боғлиқ қонунчилик ва суд амалиётини қиёсий таҳлил қилиш имкониятини кенгайтиради.
Ушбу халқар семинарнинг яна бир аҳамияти жиҳати шундаки, судьялар иштирок этаётган давлатларнинг суд тизими ўртасидаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини ҳам мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
Шунингдек, хорижий давлатларнинг суд тизимидаги муассасалар фаолияти билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашиш, судьялар малакасини ошириш жараёнига халқаро стандартлар ва илғор ўқув услубларини жорий этиш борасидаги фикр-мулоҳазалар алмашинувига имконият яратади.
Ўқув курсида иштирок этаётган судьялар бундай амалий семинарлар суд тизимлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, кибержиноятчиликка қарши курашиш соҳасида юзага келаётган умумий муаммоларни биргаликда муҳокама қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий ечимлари юзасидан тажриба алмашиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилишини, алоҳида таъкидлашди.
Халқаро ўқув курси машғулотлари 5 ноябргача давом этади. Тафсилотлари билан кейинги материалларимизда таништириб борамиз.








