ХАЛҚАРО ЎҚУВ КУРСИ ЯКУНИГА ЕТДИ
2026 йил 2–4 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академиясида "Одил судловда янги авлод: сунъий интеллект, рақамли ишонч ва суд тизимларининг кибербарқарорлиги" мавзусида ўтказилган халқаро ўқув курси якунига етди.
Халқаро ўқув курсида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келган суд тизими вакиллари, судьялар, мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар иштирок этдилар. Уч кунлик дастур доирасида замонавий суд-ҳуқуқ амалиёти учун муҳим бўлган масалалар бўйича тажриба алмашилди.
Машғулотларда рақамли далиллар билан ишлаш усуллари, рақамли криминалистика, даркнет муҳити, блокчейн ва криптоактивларнинг ҳуқуқий хусусиятлари каби йўналишларга эътибор қаратилди. Шунингдек, кибержиноятчиликка қарши курашиш, сунъий интеллект билан боғлиқ киберхавфларга муносабат билдириш ҳамда суд фаолиятида мазкур технологиялардан масъулият билан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Курс якунида дастурнинг барча йўналишларида фаол қатнашган иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
Халқаро ўқув курси суд-ҳуқуқ соҳасида рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш билан боғлиқ жараёнлар юзасидан халқаро тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.





