Суд тизимидаги матбуот котиблари фаолиятини такомиллаштириш: таҳлил, таклиф, тавсия

12 Ноябрь 2026 20:27 42 Чоп этиш

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши, Олий суд ҳамда Одил судлов академияси ҳамкорлигида суд тизимидаги матбуот котиблари учун судьялар фаолияти ҳақида жамоатчиликка тезкор, холис ва ҳаққоний ахборотларни тарқатиш, аҳоли билан суд тизими ўртасидаги конструктив мулоқотни такомиллаштириб бориш, шунингдек мурожаатлар билан ишлаш сифатини ошириш учун, тизимдаги матбуот хизмати масъул ходимларининг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган 2 кунлик (онлайн) семинар-тренинг бошланди.  

Семинар-тренинг биринчи кунида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар вакиллари билан суд органлари ўртасидаги конструктив мулоқотнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ҳамда инқирозли вазиятларни таҳлил қилиш: оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган нохолис, ҳақиқатга зид ахборотларга расмий муносабат, раддия, баёнот бериш тартиб-тамойиллари мавзулари муҳокама қилинди.


 
         Зокир Қўзибоев, Тошкент шаҳар суди катта мутахассиси:
Мазкур семинар-тренинг суд тизимида матбуот котиблари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, мавжуд муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ва уларнинг амалий ечимларини топиш нуқтаи назаридан жуда аҳамиятли бўлди. Зеро, матбуот котиби фақат ахборот тарқатувчи эмас, балки суд ва жамоатчилик ўртасида ишончли мулоқотни таъминловчи муҳим бўғин ҳисобланади.

Афсуски, кундалик фаолиятимизда ахборотларни тезкор тайёрлаш, ижтимоий тармоқларда самарали ишлаш, мурожаатларга муносабат билдириш каби йўналишларда ечимини кутаётган масалалар талайгина. Бугунги семинарда айнан шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилиб, фаолиятимизни такомиллаштиришга қаратилган амалий тавсиялар берилди. Энг муҳими, ҳамкасблар билан тажриба алмашиш, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим излаш имкониятига эга бўлдик. Бу каби тадбирлар касбий маҳоратимизни оширишда муҳим аҳамият касб этади.


 
Садриддин Набиев, Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти:
Семинар-тренинг жуда зарур ва ўз вақтида ташкил этилган тадбир бўлди. Чунки, бугунги кунда судлар фаолиятига оид ахборотларни жамоатчиликка тезкор, холис ва тушунарли етказиш борасида амалиётда бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд.

Айниқса, ахборот билан ишлаш, журналистлар билан ҳамкорлик қилиш ва жамоатчилик билан самарали мулоқот ўрнатишда муайян қийинчиликларга дуч келамиз. Семинар давомида ушбу муаммоларнинг ечимига қаратилган муҳим ва фойдали тавсиялар берилди. Билдирилган фикрлар ва амалий таклифлар келгуси фаолиятимизда асқотишига ишонаман. Бундай ўқув тадбирларини мунтазам ташкил этиш мақсадга мувофиқ.


 
Семинар-тренингда судлар фаолиятининг очиқлиги, жамоатчилик билан мулоқот сифати ва ахборот билан ишлаш масъулияти ҳақида сўз юритилар экан, аввало, ахборот инсоннинг дунёқараши, воқеликка муносабатига бевосита таъсир кўрсатадиган қудратли ижтимоий кучга айланганлиги, шунинг учун жамоатчиликка холис ва ҳаққоний маълумотларни тезкорлик билан етказиш лозимлигига алоҳида урғу қаратилди.

Семинар-тренинг эртага ҳам давом этади.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech