РАСМИЙ МУНОСАБАТ

18 Май 2021 18:11 4035 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаевнинг ижтимоий тармоқ орқали жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ тумани суди собиқ раиси Р.Холмирзаева бўйича берган баёнотини шошма-шошарлик ва масала моҳиятига етмасдан қилинган чиқиш сифатида қабул қилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2009 йил 9 октябрдаги ҳукми билан ЖК(Жиноят кодекси)нинг 210-моддаси 3-қисми “б” банди (пора олиш) ва 231-моддаси 1-қисмида (адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилинган Р. Холмирзаева 2018 йилнинг 18 декабрида оқланган.

Шундан келиб чиқиб, муҳтарам депутатнинг “...у айбсиз эди, бироқ шунча йил азоб чекди”, деган фикрига қўшиламиз ва судьялар корпусининг собиқ вакиласи оқланганини олқишлаймиз.

Бироқ собиқ суд раисининг “...суд тизимига ишга тиклаш масаласини ҳал қилмай” гўёки “ўйин” қилинаётгани, “Олий суд ва Судьялар Олий Кенгаши Жиноят процессуал кодексининг (ЖПК) 310-моддаси талабларини бажармай, кўзбўямачилик қилиб келмоқда” мазмунидаги таъна ва иддаолари билан мутлақо келишиб бўлмайди.

ЖПК 310-моддасида қонунга хилоф равишда жиноий жазога ҳукм қилингани, ушлаб турилгани ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан (қонунга хилоф равишда) четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши белгилангани тўғри. Бироқ эътиборга олиш шартки, собиқ суд раиси Р.Холмирзаева қонунга хилоф равишда жавобгарликка тортилиши муносабати билан эмас, балки ундан аввал, яъни 2009 йил 17 июль куни,  ўтказилган хизмат текшируви натижасида, вазифасидан озод этилган (яъни, ваколати муддатидан илгари тугатилган). Бу эса ўз-ўзидан ЖПКнинг 310-моддасида қайд этилган тартиблар Р.Холмирзаева нисбатан тадбиқ этилмаслигини англатади.

Иккинчидан, ўтган тўрт йил ичида судьяларни тайинлаш (сайлаш) ва лавозимидан озод этиш тартибига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Яъниким, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритилган бўлса, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида” мутлақо янги қонун қабул қилинди.

 Ҳар икки қонунда ҳам судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилган тақдирда қайта лавозимига тиклаш масаласи назарда тутилмаган.

Учинчидан, туман (шаҳар) ва вилоят суди даражасидаги судьяларни лавозимга тайинлаш (озод этиш) Судьялар олий кенгаши ваколатига оид масала, бироқ бу жараён бир шахс томонидан амалга оширилмайди. Балки Кенгашнинг 21 нафар аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан коллегиал ҳал этилади. Шундай экан, депутатнинг гўёки “ҳалиям иродасиз, журъатсиз, беғам бош билан ўтиришиб”, ҳар хил “ўйин” қилаётгани” мазмунидаги иддаолари асоссиз экани баробарида одоб-ахлоқ чегарасидан очиқдан очиқ четга чиқиш ҳамдир. Баски, депутат “ё қонунни билмайди” деган писандасини ўзига бериши керак.

Р.Холмирзаева оқлангандан кейин Тошкент вилояти таркибидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларининг бири раислигига тайинланиш учун ҳужжат топширгани бор гап. Унинг ҳужжатлари вакант лавозим йўқлиги боис қайтарилган ва бу ҳақда тегишли тушунтириш берилган. Бўш судьялик лавозими учун ҳужжат топширишига эса монелик йўқ. Бунинг учун депутатга эмас, Судьялар олий кенгашига ёки Судьялар олий малака ҳайъати ёинки ҳудудий малака ҳайъатига мурожаат қилиши керак. Унинг мурожаати бошқа номзодларга қўйилган талаблар асосида тегишли тартибда ва бир неча босқичда ўрганилиб, қонуний тўхтамга келинади.

 

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

 

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech