Беш нафар судья янги муддатга  тайинланди 

7 Июнь 2021 10:37 3950 Чоп этиш

Куни кеча Судьялар олий кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этган йиғилишда бир қанча масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Хусусан, ваколат муддати якунига етти нафар судьяни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлашга оид масала муҳокамаси якунида беш нафарига ишонч билдирилди, икки нафарини янги муддатга тайинлаш мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди. Вилоят даражасидаги суднинг судьялиги  муқобиллик асосида кўрсатилган  номзодларнинг бири танланиб, уни ваколат муддати даврига қайта тайинлаш  ҳам маъқул кўрилди.

Бундан ташқари одил судловни амалга ошириш чоғида қонунчиликни бузгани ва суд ишини ташкиллаштиришда бепарволиги учун уч нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортишга розилик берилди. Шунингдек, қўшма мажлисда икки нафар судьянинг ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисида ҳам қарор қабул қилинди. Яъниким, уларнинг бири “Судьялар одоб-ахлоқ кодекси” талабларини қўпол равишда  бузгани, яна бири ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилди.

Тизимидаги янги тайинловлар қуйидагича кўриниш олди:

Қамбарова Сарвиноз Низомовна  - судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Бухоро вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси  лавозимига;

Расулов Нодиржон Ғаппорович -  судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Навоий вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига;

Қосимов Раҳимжон Одилович – судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги ўн йиллик муддатига Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси лавозимига тайинланди.

Судьялик лавозимида бўлшининг навбатдаги ўн йиллик муддатига тайинланган икки номзод - Ражабов Нодиржон Тусунболтаевич шу муддатнинг беш йилини Самарқанд туман суди раиси, Жумаев Диёр Базорович эса Термиз туманлараро иқтисодий судининг раиси сифатида фаолият кўрсатади.

 Муқобиллик асосидаги танловдан муваффақиятли ўтган жиноят ишлари бўйича Амударё туман судининг раиси Давлетмуратов Султанмурат Рустемовични Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судьяси лавозимига ваколат муддати даврига қайта тайинлаш учун Жўқори Кенгесга тақдимнома киритилди.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech