Вояга етмаганлар билан боғлиқ суд ишларини кўриш” бўйича қисқа муддатли ўқув курси ташкил этилди

11 Август 2021 10:58 1190 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида илғор хорижий тажрибани ўрганган ва тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда жорий йилнинг 22 июль кунидан бошлаб “туман-вилоят-республика” бўғинларида фаолият юритувчи фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судьяларни “Вояга етмаганлар билан боғлиқ суд ишларини кўриш” ўқув модули бўйича қисқақисқа муддатли ўқув курси ташкил этилди.

Ҳозирги вақтга қадар мазкур ўқув курсида Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судьялари иштирок этдилар. Дарслар БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда (онлайн ва офлайн шаклларда) ташкил этилиб, Судьялар олий мактабининг Жиноят ҳуқуқи ва Фуқаролик ҳуқуқи кафедралари профессор-ўқитувчилари, судьялар ҳамда халқаро экспертлар томонидан олиб борилмоқда.

Жумладан, Жиноят ҳуқуқи кафедраси ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилган халқаро тренинг доирасида тажрибали хорижий ва миллий экспертлар томонидан: вояга етмаганларга нисбатан одил судловнинг ўзига хос хусусиятлари: миллий ва халқаро стандартлар; Вояга етмаганларга  нисбатан одил судловни амалга ошириш ва жазо тайинлашнинг ўзига хос хусусиятлари, жазо тайинлаш билан боғлиқ  бўлмаган  мажбурлов чораларининг самарадорлиги; Суд муҳокамасида вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳларнинг ҳуқуқларини таъминлашнинг  алоҳида жиҳатлари; Вояга етмаганларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ишларни кўриб чиқиш ва махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари каби масалаларда судьялар учун машғулотлар ўтказилди.

Ушбу тренингда ЮНИСЕФнинг “Болалар ҳимояси” дастури раҳбари Антония Людеке иштирок этиб, одил судлов соҳасида болаларни ҳимоя қилишнинг халқаро механизмлари ҳамда бу борада судьяларнинг махсус кўникмаларга эга бўлиши ниҳоятда муҳимлиги тўғрисида гапириб ўтди. Тренинг давомида ташкилотчилар ва судьялар ўртасида вояга етмаганларни одил судлов доирасидан чиқаришнинг процессуал имкониятлари, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни келтириб чиқарадиган криминологик омиллар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси дастурларининг самарасини ошириш йўллари борасида конструктив фаол мулоқот бўлиб ўтди.

Тренинг машғулотлари цикли ҳар ҳафта тизимли равишда давом эттирилиб, мазкур малака ошириш жараёнига босқичма-босқич тарзда республиканинг барча ҳудуд судларида фаолият юритувчи судьялар қамраб олиниши мақсад қилинган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech