Фарғона. Уч вилоят судьялари билан очиқ мулоқот ўтказилди

12 Август 2021 10:50 1091 Чоп этиш

Фарғонада “Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш чора-тадбирлари” мавзуида семинар ўтказилди. Судьялар олий кенгаши ташаббуси уюштирилган мазкур тадбир онлайн шаклида бўлиб, унда Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятида фаолият юритувчи судьялар ҳамда суд фахрийлари иштирок этди.

Очиқ мулоқот  арзида ўтган тадбирда асосан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳар қандай мурожаатига эътиборли бўлиш, шунингдек, тизимда коррупциянинг ҳар қандай белгиларини барвақт олдини олишга эътибор қаратилди.

Таъкидландики, кейинги йилларда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш,  тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш борасида ишлар амалга оширилди. Хусусан, судьялик лавозимига тайинлашнинг янги тартиблари жорий этилди. Тайинловга оид барча жараёнлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида очиқ-ошкора ўтмоқда.  Бундан ташқари судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур — психологик тест ишлаб чиқилди. Шунингдек, судьялар фаолиятини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашнинг аниқ мезонлари ишлаб чиқилиб,  амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилаётир. Бундан янги тартиб ва талаблар давлатимиз раҳбарининг «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самардорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон (2020 йил 7 декабрь) ижроси доирасида амалга оширилган ишлар экани маълум.

Кенгаш ўз фаолиятида очиқлик ва шаффофликка устувор вазифа сифатида қарамоқдаки, айни шу икки омилсиз фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада оширишнинг иложи йўқ. Айнан очиқлик ва шаффофлик коррупция аталмиш балонинг олдини олишда муҳим восита ҳам ҳисобланади.

 Тадбирда судьялар фаолиятида кўзга ташланаётган камчиликлар ҳақида ҳам сўз юритилиб, суд қарорини ўз вақтида расмийлаштириш ва қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини ижрога қаратишдаги масъулиятсизлик ҳолатлари тилга олинди, судга мурожаат қилган қилган фуқароларнинг сарсон бўлишига чек қўйиш, ягона суд амалиётини жорий этиш ва одил судлов самарадорлигини таъминлаш бўйича тавсиялар берилди.

Шунингдек,  янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, хусусан, судлар дахлсизлигини таъминлаш,  одил судловни амалга оширишда четдан аралашувларнинг олдини олишга янги нормалари тушунтирилди.

Семинар давомида Судьялар олий кенгаши веб-сайтининг “Судларда коррупция фактлари тўғрисида шикоятларни йўллаш” механизми”, “2020-2021 йилларда суд тизимида аниқланган коррупция фактлари, ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабаблари”,  судьялар одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузиш фактлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

 Якунда қонун устуворлигини таъминлаш, тизимда очиқлик ва шаффофликни янада кенгроқ жорий қилиш, коррупция ҳолатларни барвақт олдини олиш бўйича  фикр алмашишди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech