Судьялар олий кенгаши матбуот хизматининг РАСМИЙ БАЁНОТИ

7 Октябрь 2021 18:45 2239 Чоп этиш

Шу кунларда қатор интернет-нашрлар, айниқса, ижтимоий тармоқларда “мурдани сўроқ қилган судья” муҳокама мавзусига айланди.

Бундан бир ярим ой муқаддам ОАВ ходимлари билан ўтказилган брифингда журналистлар томонидан айни шу масала кўтарилганида Кенгаш матбуот хизмати томонидан тегишли муносабат билдирган бўлса-да, бугунги кунда ҳолат бўрттирилиб ва бир томонлама талқин этилаётгани, бу эса жамоатчиликда турли нотўғри фикр, судьяларга ишончсизлик пайдо бўлиши эҳтимолини юзага келтираётгани боис яна бир ушбу мавзу юзасидан маълумот беришни лозим топди.

Ҳақиқатан ҳам, фуқаро М.Қ. судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво ариза билан 2016 йил 15 апрелда мурожаат қилган. Суд тарафларнинг 2 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, даъвогар М.Қ.нинг турмуш ўртоғи (эри) оилани сақлаб қолиш ниятида эканлигидан келиб чиқиб, уларга ярашиш учун олти ой муҳлат берган. 

2016 йил 25 октябрида белгиланган олти ойлик муддат тугайди. 

Муддат тугагач, даъвогар М.Қ. бир неча маротаба судга чақирилганида келмаган, жавобгар (эр) эса судга хотини билан ярашиб яшаётганликларини билдиради.

 2016 йилнинг 3 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг (ўша пайтдаги) раиси томонидан мазкур фуқаролик иши юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида ажрим чиқарилади.  Ажримда даъвогарнинг даъводан воз кечганлиги асос сифатида кўрсатилади.  

Орадан вақт ўтиб, М.Қ. суд ажрими қабул қилинишидан саноқли кунлар аввал автоҳалокат оқибатида вафот этгани маълум бўлиши ортидан 2018 йил 9 октябрда фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди кассация инстанциясининг ажрими билан никоҳдан ажратиш ҳақидаги иш даъвогар вафот этганлиги муносабати билан тугатилган.

Яъни, судья томонидан ажрим қабул қилиш пайтида йўл қўйилган хато юқори суд инстанциясида бартараф этилган. 

“Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 75-моддасига кўра, судьяга нисбатан интизомий иш тегишли судьялар малака ҳайъати томонидан судья ушбу Қонун 74-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этилгани тўғрисидаги ариза ёки хабар бўйича ўтказилган хизмат текшируви натижаларига кўра қўзғатилиши мумкин.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қарори билан тасдиқланган “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисида”ги Низомнинг 52-моддасига кўра, судья ножўя хатти-ҳаракат қилганлиги аниқланган кундан эътиборан (хизмат текширувларига кетган вақтни, судьянинг узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган вақтини ҳамда судьяларнинг малака ҳайъатида судьянинг интизомий жавобгарлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишга кетган вақтни ҳисобламаганда) кечи билан бир ой ичида, аммо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай интизомий жазога тортилиши мумкин.

Воқелик 2016 йилда юз берган, судья йўл қўйган хатолик жиддий оқибат келтириб чиқармаган, шунингдек суд ажримига нисбатан иккинчи тараф томонидан шикоят, ариза берилмаган. 

Бугунга келиб, судьяни интизомий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани сабаб судьяга нисбатан чора кўриш учун ҳуқуқий асос мавжуд эмас.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 74-моддаси учинчи қисмига кўра, суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, агарда судья атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди.

Шунга қарамай айрим журналист ва блогерлар томонидан мазкур ҳолат ўта бўрттирилиб, судьяга нисбатан чора кўрилмаётганини Судьялар олий кенгаши ва Кенгаш раҳбарияти шахси билан боғлаш нотўғридир. 

Юқорида айтилганидек, биринчи инстанция суди томонидан камчиликка йўл қўйилган ва ушбу камчилик вилоят суди томонидан бартараф этилган. Судда ишлар бир неча инстанциялар томонидан кўрилиши ҳам қарор (ҳукм) чиқаришда йўл қўйилиши эҳтимоли бўлган хато ва камчиликларни бартараф этиш ва қонуний, асосли ва адолатли суд ҳужжати қабул қилиниб, пировардида, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган.

Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши судьянинг (агарда у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса) жавобгарликка сабаб бўлмаслигига оид қонун нормасининг туб моҳияти ҳам шунда.

“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга биноан, судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш ҳам Кенгашнинг асосий вазифаларидан биридир. 

Шундай экан, бу борадаги Кенгаш фаолиятини бир томонлама талқин қилиниб, гўёки Кенгаш “судьяларнинг адвокатига айланиб қолмоқда” мазмунидаги иддаолар ҳам асоссиздир.

Бироқ, бу – фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган судьялар жазоланмайди, дегани эмас. 

Жорий йилнинг тўққиз ойида 161 нафар судья турли даражадаги интизомий жавобгарликка тортилганлиги, 15 нафар судья фаолиятида қўпол қонун бузилишига йўл қўйганлиги сабабли ваколати муддатидан илгари тугатилиб, вазифасидан озод этилгани бунинг исботидир.

Кенгаш матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech