Судьялар олий кенгашида Корея Республикаси Олий суди Раиси билан учрашув
Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Корея Республикаси Олий суди раиси Ким Мён Су бошчилигидаги делегацияси билан учршув бўлиб ўтди.
Кенгаш раиси Х. Ёдгоров меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бораётгани, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимида ҳам тажриба алмашишлар жамиятда қонунийликни барқарор таъминлашда яхши самара беражаги алоҳида қайд этди.
Шундан сўнг меҳмонларга суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган улкан ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Айтилдики, кейинги беш йилда тизимда амалга оширилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Бу бежиз эмас. Зеро, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини амалда таъминлаш ҳамда унинг фаолиятини сифат жиҳатдан тубдан яхшилаш масаласи алоҳида белгиланганди. Белгиланган вазифалар тўла-тўкис амалга оширилди.
Ўтказилган ислоҳотлар жараёнида мустақил ва профессионал судьялар корпусини шакллантириш устувор аҳамият касб этмоқда. Хусусан, 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилиб, унга конституциявий орган мақоми берилганлигининг ўзи бу борада қўйилган улкан қадамдир. Бунинг натижасида судьялар дахлсизлиги таъминлаш самарадорлиги кучайтирилди. Шунингдек, судьяларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлашнинг янги тартиблари жорий этилди. Ўтган йилдан бошлаб, танлов жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши натижасида бу борадаги ишлар шаффофлиги амалда таъминлаш имконияти яратилди. Бундан ташқари судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастури жорий қилинди. Яна бир янгилик: бундан буён судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳоланади. Санаб ўтилган янги тартиблар юксак профессионал судьялар корпусини шакллантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Шунингдек, Кенгаш раиси электрон суд тизими жорий этиш аҳамияти ҳақида тўхатилаб, бу борада Корея Республикасининг тажрибаси намуна эканини эътироф этди.
Ўз навбатида меҳмонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларига юқори баҳо бериб, қисқа вақт ичида эришилган ютуқлар халқаро даражада ҳақли эътирофга сазовор бўлаётгани, судьялар танлаш ва тайёрлашда икки давлат амалиётига уйғун жиҳатлар кўплигига эътибор қаратди.
Самимий ва ишчан руҳда ўтган учрашувда томонлар суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьялик лавозимига танлаш ва тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда тизимга ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш каби масалалар юзасидан фикр алмашди.
Пировадида, томонлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ва Корея Республикаси судьяларни тайёрлаш Маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаб, бу борада амалий ишларни бошлашга келишиб олинди.
Судьялар олий
кенгаши матбуот хизмати