Кенгаш вакиллари Машкура Сафаевани йўқлади

8 Декабрь 2021 15:18 858 Чоп этиш

Бош Қомусимиз қабул қилинган кун арафасида  Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши вакиллари Машкура Сафаевани йўқладилар.

Машкура Сафаева ҳазилакам аёл эмас: суд тизимининг энг қуйи босқичи - туман судининг оддий ходималигидан – энг юқори босқичи - Олий суднинг судлов ҳайъати раислигигача бўлган йўлни сабр ва мантонат билан босиб ўтган кам сонли мутахассислардан ҳисобланади. Айниқса, опанинг фуқаролик судларининг «оёққа туришида» хизматлари беқиёс. Бундан ташқари икки чақириқ Олий Мажлис депутати сифатида қонун ижодкорлигига ўз ҳиссасини қўшган бўлса,  суд тизимида раҳбарлик лавозимида ишлаган кезлари судьялар корпусини шакллантиришда  озмунча заҳмат чекмаган.

Бугун Машкура опа пенсияда - набиралар қуршовида, уларнинг меҳрибон бувиси.

Маълумки, давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига биноан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб, пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишони жорий этилганди.

Куни кеча Судьялар олий кенгаши қарори билан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали фаолияти учун Машкура Сафаева «Суд фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланди.  Кенгаш вакиллари опани йўқлаш асносида  кўкрак нишони ва тегишли гувоҳномани ўз соҳибасига топшириб қайтдилар.

Одатда бирор эътирофга лойиқ топилганлар учун махсус тадбир ташкил этилиб,  нишон-у гувоҳнома кўпларнинг олдида тантанали равишда топширилади. Бундай тадбир қанчалар завқли бўлмасин, аввалдан ҳаммаси аён бўладики, соҳиб-у соҳибада нишонни ҳали қўлга олмаёқ кўникма шаклланиб улгуради. Эътироф кутилмаганда юз бериб, камига уни хонадонга келиб топшириш - ҳақиқий «сюрприз» шу. Бунинг завқи умуман бўлакча...

Айни завқни опанинг юзидан илғаш қийин эмас.

Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech