Адолат қилингки, у ҳаётнинг бош мезони бўлсин

17 Январь 2022 18:45 1276 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров билан суҳбат

 Холмўмин Буврабоевич, судьяларга қўйилаётган талаб, ушбу лавозимга тайинлаш борасида жорий этилган янги тартиб ва қоидалар ҳақида суҳбатлашсак. Гапни судьянинг маънавий-ахлоқий қиёфасига мухтасар чизги беришдан бошласангиз.

— Саволингизга жавоб ўрнида Давлатимиз раҳбарининг  қуйидаги фикрини такрорлаш кифоя: “Судьянинг онгида – адолат, тилида - ҳақиқат, дилида-поклик бўлиши керак!”

— Шу талабни қандай шарҳлаган бўлар эдингиз?

 Давлат раҳбарининг гаплари ҳазрат Навоийнинг қозилар (судьялар) хусусидаги фикрларига жуда ҳамоҳанг. Ҳазрат “Маҳбуб-ул қулуб” асарида: “...ҳукми элнинг моли ва жонига тааллуқли экан, қозининг шиори тўғрилик ва адолат бўлмоғи лозим” эканини қайд этади.  

Дарҳақиқат, “судья” деганда ўз-ўзидан “адолат”, “ҳақиқат” тушунчалари тасаввурга келади. Шундай бўлиши ҳам керак. Бунинг учун эса ушбу лавозим эгаларидан поклик ҳам талаб қилинади. Маънавий камолотсиз киши том маънода пок бўлмаслиги инкор этиб бўлмас ҳақиқат.

Кейинги йилларда судья маънавиятига алоҳида эътибор қаратилаётгани сабаби ҳам шунда. Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китоби чоп этилгани бежиз эмас. 

— Демак, судьялик лавозимига тайинлашда номзод маънавиятига алоҳида эътиборга олинмоқда. Шундайми?

— Шубҳасиз. Чунки, ахлоқ ва маънавият бир-бирига боғлиқ тушунча. Умуман, судья қандай талабларга жавоб бериши лозим, деган масала кишилик тараққиётининг барча даврида кенг жамоатчилик эътиборида бўлиб келган (бу ҳақда юқорида қайд этганим - “Судья маънавияти, одоби ва масъулияти” китобида алоҳида боб  ажратилган). Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳозирги босқичида жамиятда адолат ва қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш асосий масала қилиб қўйилган экан, бу судьяларга катта масъулият юклайди. “Масъулият” шунчаки айтиладиган сўз эмас. Судьянинг холис ва қонуний қарорлар қабул қилиши замирида фуқароларнинг нафақат судга, балки давлатга бўлган ишончини ҳам ётади.    

 Мана, гап ўз-ўзидан судьялик лавозимларига тайинловлар, бунда номзодларга қўйилаётган янги тартиб, янги қоидаларга тақалаяпти.

—  Асосий жавобга ўтишдан аввал давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тизимда катта ўзгаришларга олиб келганини қайд этишни истардим. 

Мазкур ҳужжатга асосан судьялик лавозимларига муносиб кадрларни танлаш ва тайинлашнинг янги тартиби жорий этилди. Бунда холислик ва шаффофликни таъминлаш устувор вазифа қилиб белгиланди. Тайинловлар очиқ танлов ва муқобиллик, энг муҳими, ахборот технологиялари татбиқ этган ҳолда амалга оширилмоқда

Натижада инсон омили кескин чекланиб, танлов жараёни очиқ ва шаффоф ўтиши таъминланмоқда. Танловни бевосита ва билвосита (онлайн тарзда) кузатиб бориш имконияти яратилди. Бу эса муносиб номзодларни танлашда муҳим омил ҳисобланади.

— Демак, ҳаммаси очиқ-ошкора...

— Албатта. Тайинловга оид танловлар очиқ  ўтаётганига бежизга урғу бераётганим йўқ. Бу жараённи судьялик лавозимига номзодларнинг яқин қариндошлари ҳам бевосита кузатиш имконига эга. Бундан ташқари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам тайинловга оид Кенгаш йиғилишларида мунтазам иштирок этмоқда. Ҳатто тўғридан-тўғри эфирлар қилинмоқда.

...Янги тартиб ва талаблар ҳақидаги фикримни давом эттирадиган бўлсам, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур ишга туширилди. Мазкур психологик тест электрон дастури ёрдамида номзод ва судьяларнинг қатъийлик, босиқлик, жиззакилик, стрессга чидамлилик, коррупцияга мойиллик ҳамда бошқа психологик хусусиятлари аниқланади. 

— Бунинг тайинлов қандай таъсири бор?

— Психологик тест натижаси профессионал психолог томонидан ўрганиб чиқилиб, тавсиявий характерга эга бўлган хулоса тузилади. Мазкур хулоса номзоднинг судьялик лавозимига тайинланишида алоҳида эътиборга олинади.

  •  Натижа қандай?

— Юқорида қайд этилган янги тартиб ва очиқ танлов асосида ўтган йили 653 нафар номзод муҳокама қилиниб, уларнинг 460 (барча номзодларнинг 70,4 фоизи) нафари судьялик лавозимига муносиб деб топилди. 91 нафари эса судьялик лавозимига илк бор тайинланганлар ҳисобланади. 

Маълумки, биринчи марта судьялик лавозимига тайинланиш учун Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида бир йиллик мажбурий таҳсил олиш шарт. Қайд этилган 91 нафар ёш судья Судьялар олий мактаби битирувчиларидир. Шу ўринда қўшимча қилиш керакки, жами судьяларнинг 615 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг беш йиллик, 631 нафари ўн йиллик , 64 нафари муддатсиз даврида фаолият юритмоқда.

 —  2021 йилда шунча тайинлов амалга оширилдими?

— Буни ажабланадиган жойи йўқ. Аввалги йили  вилоят даражасидаги судлар бирлаштирилиб, маъмурий судларнинг қатор ваколатлари жиноят судларига ўтказилганидан хабарингиз бор. Судлар оптималлаштирилиши натижасида жойлардаги суд раислари ва раис ўринбосарлари лавозимига янги тайинловлар амалга оширилди.

Бундан ташқари, илк бор судьялик лавозимига, шунингдек, қатор судьялар ваколат муддати даврига қайта тайинланди. Бу изчил давом этадиган жараён. Шу ўринда эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир ҳолат бор: 2021 йил бошида республика бўйича 145 судьялик лавозими вакант эди (10, 5 фоиз), йил охирига келиб, бу  рақам 20  тага тушди (1,6 фоиз). Биласиз, кадрларга оид масала бирмунча нозикроқ. Шундай экан, номзодлар орасидан муносибини танлаб, тайинлашнинг ўзи бўлмайди.

 Тизимда неча нафар аёл судьялар фаолият кўрсатмоқда?

— Айни пайтда 173 нафар аёл судьялар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг  28 нафари юқори лавозимларга тайинланган. Ўтган йили Кенгаш ташаббуси билан тизим тарихида илк бор “Ўзбекистон аёл судьялари” журнали  ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилди. 

Журнал дунё ҳамжамиятига аёл судьяларимизни таништириш, шунингдек, уларга ҳурмат-эҳтиром рамзи сифатида тайёрланди. Айни пайтда мазкур журналнинг тўлдирилган икки нашри устида ишлар олиб борилмоқда.

— Судьялар фаолиятини электрон рейтинг орқали шаффоф баҳолашга оид янгилик анча-мунча мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бу борада нима дейсиз?

 — Судьялар фаолиятини электрон рейтинг орқали шаффоф баҳолашга оид тартиб, айтганингиздек, катта янгилик. Ҳар қандай янгилик амалиётга силлиқ татбиқ этилмаслиги ҳам аён. Шу маънода бу борада бўлаётган баҳс-мунозараларни тўғри қабул қиламиз. Шу пайтгача судьяларнинг фаолияти ҳар икки ярим йилда ўрганилиб, тегишли хулоса қилинарди. Ва бу инсон омили ёрдамида (яъни, малака ҳайъатлари аъзолари томонидан) амалга оширилар эди. Электрон рейтингда эса бу вазифа инсон омилисиз амалга оширилади. Бу холислик, очиқлик эмасми? 

Судьялар фаолиятини электрон рейтинг орқали шаффоф баҳолашнинг аниқ мезонлар ишлаб чиқилиб, тўлиқ ишга туширилди. Электрон рейтинг, таъбир жоиз бўлса, судьялар учун ойна. Бунда ҳар бир судья ўз фаолияти натижаларини кузатиб боради. Энг юқори кўрсатгичларга эришганлари йил якуни бўйича “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланади. Фаолият кўрсатгичи пастроқ судьяларнинг малакасини ошириш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилади.

 — Талаб ва таклиф мутаносиб келсагина кутилган натижа бўлиши мумкин. Судьялар ва судьялик лавозимларига номзодларга нисбатан талаблар кучайганини кўрдик. Хўп, таклифлар-чи?

— Ўтган йили судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий муҳофазаси  кескин оширилганидан жамоатчилик яхши хабардор. Бунақаси тарихда бўлмаган. Бугунги осон бўлмаган пандемия шароитида судьялар ҳамжамиятига бўлган бундай юксак эътибор ҳақли эътирофга лойиқдир. 

Юқорида қайд этилган фармонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини янада самарали таъминлаш бўйича реал чора-тадбирлар белгиланган. Зеро, жамиятда адолат қарор топиши судьяларнинг дахлсизлигини самарали таъминланиши билан чамбарчас боғлиқ

Шунга кўра, Судьялар олий кенгашининг бу борадаги ваколатлари кенгайтирилди. Натижада ўтган йили одил судловга аралашувлар бўйича Кенгаш томонида тезкор кўрилган чора-тадбирлар натижасида иккита жиноят иши, тўртта маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар қўзғатилди. Бундан ташқари, судьяни ҳақорат  қилган икки нафар шахс ҳам қонун олдида жавоб беришга мажбур бўлди.

 2020 йилда судьялик қасамёди ва одоб-ахлоқ қоидаларини ҳамда одил судловни амалга оширишда қонун талабларини қўпол равишда бузган 12 нафар судья тизимдан четлатилганига оид ахборот берилганди. 2021 йилда-чи?

— 2021 йилда аввалги йилга қараганда Сиз тилга олган асослар сабаб ишдан олинган судьялар сони, таассуфки, кўп: 19 нафар! Таъкид этишим шарт, вазифасидан озод этилганларнинг аввалги йилга қараганда нисбатан кўплиги судьяларга қўйилаётган талаблар кучайгани билан изоҳланади. Шунингдек, одил судловни амалга ошириш жараёнида йўл қўйган хато-камчиликлари учун 220 нафар судьяни интизомий жавобгарликка тортишга келди.

— Коррупция масаласини тилга олдингиз. Тизимда... 

— Сизни тушундим. Тизим коррупция иллати йўқ, дейишга ҳозирча тил бормайди. Қолаверса, бир зарб билан бу балодан халос бўлиш ҳам имконсиз. Муҳими, суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини оширишга доир ишларни изчил давом эттиришда. 

Нафақат коррупция, балки ҳар қандай иллатга қарши фақат ваъз-насиҳат билан курашиб бўлмаслиги аён. Бунинг учун самарали таъсир воситаларидан унумли фойдаланиш лозим. Шундагина кутилган натижа бўлиши мумкин. 

Битта мисол. Ўтган йили бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар ижроси доирасида Кенгаш ташаббуси билан “Пушаймон” қисқа метражли фильм тасвирга олинди (фильмда коррупцияга қўл урган собиқ судьянинг фожиавий тақдири ҳикоя қилинади). Жойларда маърифий тадбирлар жараёнида мазкур фильм намойиш этиларкан, бунга нафақат судьяларнинг ўзи, балки уларнинг турмуш ўртоқлари ҳам таклиф этилди. Нега? Бу ҳам таъсирчан воситалардан бири, негаки, инсон камолида ҳам, заволида ҳам оиланинг ўрни катта. Шу боис бундай маърифий тадбирлар доирасини кенгайтиришни режа қилганмиз. 

 Холмўмин Буврабоевич, суҳбатимиз ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. Адолат ҳақида  бир-биридан мазмунли ҳикматлар кўп. Сиз қайси бирини алоҳида тилга олган бўлардингиз?

—  Ҳикматларнинг ҳар бири таъсирли, бирини бошқасидан устун қўйиб бўлмайди. Айни лаҳзада эса ҳазрат Навоийнинг  қуйидаги байти ёдимга келди:  “Адл айлаки, ул халқ ҳаёти бўлмиш, Хуш ул кишиким, адл сифати бўлмиш”.  Яъни,  адолат қилгингки, у ҳаётнинг бош мезони бўлсин, зотан, инсон айни шу (одил, холис) сифати билан гўзал. 

Норгул Абдураимова суҳбатлашди.

(ЎзА)

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech