Судьялар олий кенгаши, вилоятлар ва унга тенглаштирилган судларда Одоб комиссиялари фаолият юритади
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатлари ҳузурида Судьялар одоб комиссиялари фаолият юритади.
Судьялар олий кенгаши қарори билан “Судьялар одоб комиссиялари тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.
Комиссия фаолияти судьялар томонидан Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилиши ҳолатлари юзасидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари ҳамда оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларни ўз вақтида холис ўрганилишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу борада судьялар малака ҳайъатларига кўмаклашади.
Судьялар обод комиссияси тегишли судлар судьяларининг конференцияларида очиқ овоз бериш йўли билан беш нафар аъзодан иборат таркибда икки йил муддатга сайланади.
Комиссия аъзоларининг икки нафари тегишли ҳудудда фаолият кўрсатаётган судлар судьяларидан, шунингдек Ўзбекистон Судьялари ассоциациясидан вакил ҳамда яна икки нафари суд фахрийлари орасидан сайланиши белгиланди.
Комиссия раиси ва котиби Комиссия аъзолари орасидан кўпчилик овоз билан сайланади.
Шунингдек, Низомда Судьялар одоб комиссиясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, мурожаатларни кўриб чиқиш асослари тартибга солинган.