“Ижодкор судьялар клуби” нима учун керак?
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан яна бир хайрли ишга қўл урилди: Кенгаш қошида “Ижодкор судьялар клуби” ташкил этилди.
Бунинг учун махсус таъсис йиғилиши чақирилгани йўқ, клуб низоми ишлаб чиқиш-у тасдиқлаш ва бошқа шу каби ташкилий ишларга ҳам вақт сарфланмади. Кенгаш раиси беш-ўн нафар таъби назми ва насрга ихлоси бор судьяларни жамлаб (онлайн шаклда), таклиф киритдики, шундай клуб ташкил этсак, нима дейсизлар?
Таклиф қўллаб-қувватланди.
Инсон табиати шундай: руҳий кечинмаларини кимдир ҳиргойи, кимдир шеър-у ҳикоя машқ қилиб, яна кимдир расм чизиш орқали ифода қилишга эҳтиёж сезади гоҳо. Бадиий ижод “эҳтиёж фарзанди” дейилишининг сабаби ҳам шунда.
Албатта, бундай шинавандалар шоирликка (адибликка, рассомликка ва ҳ.к) даъво қилмайди. Бироқ уларнинг борлиги, жилла қурса, ўз хонадонидан ташқари ўзлари ишлайдиган даргоҳ муҳитига ижобий таъсир этиши аниқ. Чунки, адабиёт ҳам, санъат ҳам чин маърифат ҳисобланади. Маърифий муҳит ҳукм сурган даргоҳда ўзаро оқибат, ишда эса самара бўлиши маълум.
Судьяларимиз орасида бадиий адабиётга ошнолари оз эмас. Ҳатто номи тилга тушиб улгурганлари ҳам бор. Тошкент вилоят судининг судьяси Холмамат Хасанов (Ҳол Муҳаммад Хасан) таниқли шоир. Наманган вилоят суди раиси Абдурасул Эранов ва фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раисининг ўринбосари Нуриддин Муродов қатор китоблар муаллифи. Қашқадарёлик Ҳамид Бобоқулов насрда дурустгина қалам тебратмоқда... Қисқаси, саф анча кенг.
Яна бир эътиборли ҳолат: аёл судьяларимиздан уч нафарининг биринчи мутахассислиги журналист (Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси Муҳайё Дедамирзаева, жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди судьяси Наргиза Шарипова, фуқарлик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро суди судьяси Шоира Эрметова) бўлиб, шу соҳа тажрибасига ҳам эга...
Уларнинг бошини қовуштириб, қўллаб-қувватлаш, лозим бўлса, рағбатлантириш мақсадга мувофиқ эмасми?
Уларга эътибор орқали тизимда маънавият-маърифат тарғиб қилинмайдими?
Бугун судьялар маънавиятига алоҳида эътибор берилаётганини ҳамма кўриб, билиб турибди. Маънавият бўлмаган жойда адолат бўлмаслигини давлат раҳбари бежиз таъкидламади. Чунки, маънавиятга бегона инсонни тирик ҳайкалдан фарқи қолмайди. Судьялик эса инсон тақдири билан бевосита боғлиқ вазифа. Бунинг юкини кўтариш учун судья маънан юксак, ахлоқан пок бўлиши керак. Бундай фазилатларни маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини ошириш орқали шакллантириб бўлмаслиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.
Бу борадаги вазифалар долзарблиги эътиборидан ҳам “Ижодкор судьялар клуби”га эҳтиёж бор эдики, мана, ният амалга ошди.
Мазкур клубга жам бўлганлар шахсий намуна кўрсатишларидан ташқари маънавий-маърифий ишларда фаол бўлмоғи ҳам талаб этилади. Уларнинг ҳаракати, меҳнати ва ижоди эса Кенгаш томонидан рағбатлантирилади.
Рағбатки, машқлари вақтли матбуотда чоп этилишига амалий ёрдам беришдан ташқари ижодкор судьяларнинг альманахини нашр этиш режада бор...
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати