Кенгаш “Ишонч телефони”га қўнғироқ бўлди. Кейин-чи?
Судьялар олий кенгашининг “Ишонч телефони”га қўнғироқ бўлди. Қўнғироқ Навоий вилоятидан эдики, унда фуқаро (аёл) вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш сўраб фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига берган аризаси муаллақ қолаётгани билдирилади.
Судга, хусусан, фуқаролик судига биров тўқликдан ёки шўхликдан мурожаат қилмайди. Вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш сўралган мурожаатларни-ку, айтманг?! Навоийлик аёлнинг айни шу мазмундаги аризаси қайсидир тортмада қолиб кетган бўлиши мумкинлиги ачинарли эмасми?
Шу боис Кенгаш аризани ўрганиш учун Навоий вилоят судлари судьяларига малака ҳайъатига юборди.
Фуқаро бежизга суддан ёзғирмабди: маълум бўлишича, унинг арзаси (15 декабрь, 2021 йил) орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай ҳатто тегишли қайддан ўтказилмаган экан...
Воқелик арзимасдай кўриниши мумкин: ҳа энди, иш бор жойда камчиликлар бўлади, деган маънода.
Аммо суддаги арзимасдай кўринган камчилик, озгина эътиборсизлик фуқаронинг битта суд ходими ёки судьяга эмас, бутун тизимга нисбатан ишончсизлик пайдо қилиши эҳтимолини юзага келтиади. Масаланинг оғриқли нуқтаси шунда.
Гапни мухтасар қилсак, эътиборсизликка йўл қўйган фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг девонхона мудирига тегишли чора кўрилди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас.
Воқелик суд раисига нисбатан ишни тўғри ташкил қилиши бўйича ҳам қатор саволлар пайдо қилди. Шу боис унинг масаласи вилоят судлари судьялари малака ҳайъатига ҳавола этилди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати